Теннис: Милана Масленкова асосий тўр босқичига ўтди
Туниснинг Монастир шаҳрида аёллар ўртасида Халқаро теннис федерацияси томонидан “W15” таснифига кирувчи турнир ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Милана Масленкова муносиб иштирок этаётгани қувонарли ҳол, албатта.
Милана мазкур турнирдаги иштирокини саралаш босқичидан бошлади. У саралашнинг иккинчи даврасида нейтрал теннисчи Ксения Смирновани 6:4, 6:1 ҳисобида енгди. Асосий тўр баҳсларига чиқиш учун ўтган плей-офф ўйинида АҚШ вакили Клара Косанни 6:4, 6:3 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа, саралаш учрашувларини муваффақиятли якунлаган Милана Масленкова асосий тўр беллашувларининг илк босқичида АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Сара Даветтила билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА