21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Ўзбек тили халқимиз маънавиятининг юраги, миллий ўзлигимиз ва тарихий меросимизнинг ажралмас қисми саналади. Ҳар бир юрт фарзанди она тили орқали вояга етади, тафаккур қилади ва шахсиятини юксалтиради. Шу боис, ҳар бир инсон, жумладан, спортчилар учун ҳам она тилимизнинг ўрни беқиёс.


Республика олимпия захиралари теннис мактабида 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
Бир гуруҳ ижодкорлар, тилшунос олимлар, мураббийлар ва спортчи ёшлар иштирок этган тадбирда ўзбек тилининг бойлиги, унинг жозибадорлиги ва ривожланиш босқичлари ҳақида спортчи ёшларга сўзлаб берилди.


Таъкидланганидек, она тилимиз спортчилар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёш теннисчилар ўз она тилида эркин мулоқот қилиш, халқаро мусобақаларда юртимизни муносиб тарзда намоён этиш, миллий маданият ва тилни халқаро миқёсда танитиш имконига эга. Тилнинг таъсири орқали спортчилар фақат жисмонан эмас, балки маънан етук ва баркамол шахс сифатида вояга етади.


– Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида она тилига бўлган муҳаббатни мустаҳкамлайди, унинг қадрини англашга ёрдам беради, – деди Республика олимпия захиралари теннис мактаби директори Самук Абидов. – Спортчиларнинг тилни билиши ва уни ардоқлаши нафақат шахсий ривож, балки миллий руҳни юксалтиришда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбек тили биз учун фақат мулоқот воситаси эмас, балки юртга муҳаббат ва халққа садоқат рамзидир.
Тадбирда ёш теннисчилар томонидан Ўзбек тилини мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/c1MYp-wTuSM" title="21 oktyabr – O‘zbek tiliga davlat tili maqomi berilgan kun" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА