Наманганда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги J30 таснифига кирувчи халқаро турнирда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Маҳмудбек Бекназаров сўнгги ҳал қилувчи финал ўйинида германиялик Вигго Вагенкнехтни 7:6, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди. Шунингдек, у жуфтликлар ўртасида Абдураҳмон Каримов билан дуэт ҳосил қилиб, барча рақибларини таслим этди ва иккинчи совринга эга чиқди.
Қизлар ўртасидаги жуфтлик беллашувларида Шаҳодат Ортиқбоева қозоғистонлик Линара Булешева билан тандемда финал йўлланмасига эга бўлди. Ушбу босқичда улар қозоғистонлик Кира Эртман ва нейтрал теннисчи Александра Качушкина жуфтлигини 6:3, 6:2 ҳисобида доғда қолдирди. Шу тариқа Шаҳодат ва Линара нуфузли турнир ғолибига айланди.
Яккаликлар ўртасида нейтрал теннисчи Татяна Головина бош соврин соҳибаси, дея эътироф этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА