Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Теннис: Камилла ва Полинани бугун жиддий синов кутмоқда
10:16 / 2026-02-25

Хотин-қизлар теннис уюшмаси WTA томонидан АҚШ ҳамда Туркияда ўтказилаётган нуфузли турнирларда икки маҳоратли теннисчимиз Камилла Раҳимова ва Полина Кудерметова бугун кортга чиқади.

Дастлаб Полина Кудерметова Туркиянинг Анталия шаҳрида давом этаётган мукофот жамғармаси 115 минг АҚШ долларини ташкил этувчи “WTA Challenger Antalya” турнирининг асосий тўр баҳслари биринчи даврасида украиналик Олександра Олиникова билан куч синашади. Баҳс мамлакатимиз вақти билан соат 14:20 дан сўнг старт олади.

Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова эса Америка Қўшма Штатларида қизғин паллага кирган “ATX Open – 2026” халқаро турнирининг чорак финал йўлланмаси учун ўтадиган учрашувда нейтрал теннисчи Оксана Селехметьевага қарши баҳслашади.  

Эслатиб ўтамиз, Техас штатининг Остин шаҳрида соврин жамғармаси 283 минг 347 АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур турнирда Камилла Раҳимова илк босқичда венгриялик Анна Бондарни 6:3, 7:5 ҳисобида таслим этган эди.

Дарвоқе, яна бир теннисчимиз Мария Тимофеева Мексиканинг Юкатан штати Мерида шаҳрида WTA 500 тоифасига кирувчи турнирда илк даврада польшалик Магдалена Френхга қарши кортга чиқди ва 4:6, 6:7 ҳисобида таслим бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА