Шу кунларда мамлакатимизнинг энг кучли икки теннисчиси Камила Раҳимова ва Полина Кудерметова АҚШ ҳамда Туркия мамлакатларида ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда ўз иштирокини давом эттирмоқда.
Туркиянинг Анталия шаҳрида аёллар ўртасидаги "Челленжер" мусобақасида ҳамюртимиз Полина Кудерметова яккалик баҳсларининг илк босқичидан муваффақиятли ўтди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, WTA 125 таснифидаги ушбу халқаро турнири асосий тўр учрашувларининг илк босқичида П.Кудерметова нейтрал мақомдаги Алина Чараевани 7:5, 6:4 ҳисобида таслим қилди ва иккинчи даврада венгриялик Панна Удварди билан куч синашадиган бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, Индиан-Уэлс шаҳрида (АҚШ) аёллар ўртасида WTA 1000 тоифасига кирувчи “Indian Wells Open” халқаро турнирида ҳамюртимиз Камилла Раҳимова асосий тўр баҳсларига йўлланмани қўлга киритган эди.
Бугун теннисчимиз асосий тўрнинг биринчи даврасида канадалик Бианка Андреску билан куч синашади. Агарда бу тўқнашувда теннисчимиз ғалаба қозона олса, иккинчи даврада америкалик Коко Гауфга қарши тўқнаш келади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА