Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тенгдошларига ўрнак бўлаётган Сабрина
13:51 / 2025-08-07

Юксак билимли, дунёқараши кенг, замонавий фикрлайдиган ёшлари кўп бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт, ўзаро жипслик ҳамиша барқарор бўлади. Бугунги кунда юртимизда юксак эътирофларга лойиқ йигит-қизларимиз сони ортиб бормоқда.

Хусусан, Сабрина Махамбатқулова ана шундай ёшларимиздан ҳисобланади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро ҳуқуқ” факультети 3-босқичида таҳсил олади. Сабрина ёш бўлишига қарамай ҳар соҳада эришган ютуқлари билан алоҳида эътиборга лойиқ ёш етакчилардан бири.

У Ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган турли ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этиб, ўзининг лидерлик қобилиятлари ва ташаббускорлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, ўз мутахассислик фанлари билан бирга, хорижий тилларни ҳам мукаммал ўрганган бўлиб, нафақат илмий соҳада, балки университет маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этувчи ташаббускор ёшлардан. 

Қаҳрамонимиз “Ёшлар овози” телерадио дастурида сухандон сифатида ҳам ишлайди ва ёшлар орасида маънавият, ватанпарварлик ва миллий қадриятларни тарғиб қилишда етакчи роль ўйнайди. У ўзининг салоҳияти ва фаоллиги билан кенг жамоатчиликда ҳам эътибор қозонмоқда. Ушбу фаолияти орқали Сабрина тенгдошларини миллий қадриятларга ҳурмат ва маънавий юксалишга ундамоқда.

С.Махамбатқулова Тошкент вилоятидаги ёш қизларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини оширишда ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Жумладан, у Тошкент вилояти “Сиёсатчи қизлар” клубининг бош координатори ва Оҳангарон тумани “Қизларжон клуби” сардори сифатида турли маданий ва маърифий тадбирларни ташкил қилиб келмоқда.

Сабринанинг фикрича, қизларнинг жамиятдаги ўзгаришларга фаол иштирок этишини, ҳуқуқий билимларини ошириш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўргатиш улар учун ўзига бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.

С.Махамбатқулова илм-фан соҳасидаги изланишлари билан нафақат Ўзбекистон миқёсида, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. 20 дан ортиқ илмий ва 30 дан ортиқ оммавий мақолалар муаллифи сифатида Сабрина ёшларни маърифий ривожланишга, илмий изланишларга бўлган қизиқишларини оширишга ҳисса қўшмоқда. Унинг мақолалари Ватанга муҳаббат, ёшларга эътибор ва маънавият масалаларига бағишланган бўлиб, у халқаро нашрларда ҳам чоп этилган. 

Бундан ташқари, у ёшлар ўртасида жамоат ишлари ва волонтёрликни тарғиб қилиб келмоқда. ХДПнинг “Ёшлар қаноти” фаол аъзоси сифатида фаолият олиб бориб, ёшларни турли ижтимоий лойиҳаларга жалб қилишда ташкилий ишларни муваффақиятли амалга оширмоқда. У волонтёрлик фаолияти орқали ёшларни ижтимоий масъулият ва жамоат ишлари билан шуғулланишга ундаб келмоқда ва ўзининг кўплаб ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда.

Сабрина Махамбатқулова 2022 йил “Адолат” социал-демократик партияси марказий аппарати томонидан ўтказилган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритган. 

2023 йил Ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, истиқболли лойиҳалари ва истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда қўшган ҳиссаси учун Тошкент вилояти ҳокими томонидан тақдирланган.

Устозларининг таъкидлашича, Сабрина ўзининг етакчилик қобилияти, маданият ва жамоатчилик фаолиятидаги ютуқлари билан ёшлар орасида катта ҳурматга эга. У ҳар доим ўз устида ишлайди, янги мақсадлар сари интилади ва ўз фаолияти билан жамиятнинг турли соҳаларида ўз изини қолдиришда давом этмоқда. 

Жамиятимизда Сабрина каби фаол ва билимли қизларимиз борки, юртимиз хотин-қизлари довруғи юксалаверади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА