Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга мувофиқ, "Тенг имкон - инклюзив бандлик" дастурини амалга ошириш орқали 40 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва Камбағал оилалар реестри негизида ягона Ижтимоий реестр юритилади. Бунда:
а) Ижтимоий реестр - "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради;
б) Ижтимоий реестрда оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, "давлат таъминотидаги оила", "камбағал оила" ва "камбағаллик чегарасидаги оила" тоифаларига ажратилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг тоифаларини белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган мазкур Фармондаги рўйхатда белгиланган оилалар "давлат таъминотидаги оила" тоифасига киритилади;
б) оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган ва уларнинг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар "камбағал оила" тоифасига киритилади;
в) оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган жами ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган қуйидаги оилалар "камбағаллик чегарасидаги оила" тоифасига киритилади:
"давлат таъминотидаги оила" ёки "камбағал оила" тоифаларидан чиқарилган оилалар;
"маҳалла еттилиги"нинг тавсияси асосида мазкур Фармонда белгиланган оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оила деб топилган оилалар.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини уларнинг тоифасидан келиб чиқиб тақдим этилади.
ЎзА