Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган тендерда таниш-билишчиликка йўл қўйилгани ҳақидаги хабар бўйича ўрганиш ўтказди.
Хусусан, “Таъминот ва логистика хизмати” корхонаси буюртмачилигида ўтказилган бошланғич нархи 22,4 миллиард сўмлик тендер ғолиблари “V.E.T.С.” ва “М.Г.” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида шубҳали боғлиқлик борлигига аниқлик киритилди.
Ўрганиш жараёнида аниқландики, «М.Г.» масъулияти чекланган жамият раҳбари 2025 йил 4 декабрга қадар, яъни ушбу эълон давлат харидлари махсус ахборот тизимига жойлаштирилган пайтда “V.E.T.С.” масъулияти чекланган жамиятида ягона таъсисчи ва раҳбар бўлган. Шунингдек, яна бир шахс 2024 йил 26 апрелга қадар “V.Э.Т.С.” масъулияти чекланган жамиятида, 2021 йил 29 декабргача эса «М.Г.» масъулияти чекланган жамиятида раҳбар ва таъсисчи сифатида фаолият юритган.
Шу билан бирга, ушбу аффилланган шахслар буюртмачи томонидан 2025 йил 22 декабрь куни ўтказилган бошланғич нархи 93,0 миллион сўмлик давлат харидида ҳам ғолиб ва захира ғолиби деб топилгани маълум бўлди.
Қайд этилган ҳолатларда “Давлат харидлари тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарорининг бир қатор талаблари бузилган.
Шу боис, Агентлик томонидан буюртмачига юқорида қайд этилган давлат харидлари натижаларини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Шунингдек, юқоридаги ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Ҳужжатлар “Таъминот вa логистика хизмати” мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида кўриб чиқилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА