АОКАда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Отабек Усмонов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Унда маълум қилинишича, 8 минг 964 та тендер савдолари жараёнида 12 минг 826 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.
Мисол учун, Россия экспорт-импорт банкининг кредитлари ҳисобидан “Тошкент метрополитени” ДУК томонидан бошланғич қиймати 8,2 миллион АҚШ долларга тенг бўлган микропроцессор ускуналарини харид қилиш учун ўтказилган тендер ҳужжатларида асоссиз равишда рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритилган. Тендер савдолари натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон телекоммуникaция тармоқларини бошқариш республика маркази” УК томонидан бошланғич қиймати 4,8 миллион АҚШ долларга ўтказилган танлов савдолари жараёнида буюртмачи томонидан айрим иштирокчиларга танловда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берганлиги аниқланган. Бунда иштирокчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар буюртмачининг талабларига мос келмасада ғолиб деб эътироф этилган. Танлов натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
Давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 72,7 фоизи (тендер) савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш билан боғлиқ бўлса, 27,3 фоизи тил бириктириш орқали келишиб олинган, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ташкил этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА