Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Темурбеклар мактаби»га ўқишга киришда кимлар учун имтиёзлар бор?
12:12 / 2022-03-18

Фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшларни тарбиялаш таълим-тарбия тизимини тубдан ўзгартиришни тақозо этади.

Давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темурнинг мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши инобатга олиниб, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилган. «Темурбеклар мактаби»да ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади.

«Темурбеклар мактаби» битирувчилари олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаган балларининг 30 фоизи, республиканинг бошқа олий ўқув юртларига ўқишга киришда эса 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёзга эга бўлади.

«Темурбеклар мактаби»ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчилар таркибида ушбу мактаб бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларсиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўташ натижалари бўйича киради. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида бўлиб ўтган брифингда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Йўлдошев томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур мактабга номзодларни саралаш тартиби белгиланган тартибда амалга оширилади. 

Жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади. Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат.

ИМТИЁЗЛАР МАВЖУД

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан муваффақиятли ўтган айрим номзодлар «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади.

Унга кўра, белгиланган қабул квотаси доирасида халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари, ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари учун ушбу имтиёзлар қўлланилади.

Шунингдек, квотадан ташқари, етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида мазкур мактабга қабул қилиниши мумкин. 

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга топшириш истагида бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобда турган мудофаа ишлари бўлимларига ҳар йили 1 февралдан 1 апрелгача, «Темурбеклар мактаби» га эса ҳар йили 1 мартдан 30 апрель кунига қадар ариза билан мурожаат этишлари мумкин.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодлар туман тиббий комиссияси ва ҳарбий тиббий комиссиядан ўтишлари, комиссия хулосасига кўра яроқли деб топилганларида белгиланган тартибда ҳарбий касбий танлов, жисмоний тайёргарлик синовидан ўтадилар ва тест синовларига жалб этилади.

Темурбеклар мактабига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар туман ва вилоят тиббий кўрикларидан ўтади. Комиссия хулосасига кўра яроқли деб топилганларида белгиланган тартибда диктант, ҳарбий касбий танлов, жисмоний тайёргарлик синови ва якка тартибда суҳбат ўтказиш йўли орқали танлаб олинади.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА