Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Темурбеклар мактаби”да ўқиш истагидаги ёшлар сони ортмоқда
13:16 / 2024-03-02

“Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш хамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра ҳудудларда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилган.

Миллий гвардия таркибидаги Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейини ҳар йили 100 дан зиёд ўқувчилар битиради. Аъло баҳолар асосида қизил дипломга битирган ўқувчиларга Жамоат хавфсизлиги университетига имтиёз асосида ўқишга кириш имконияти мавжуд.    

Ушбу масканда ўқувчилар ҳарбий тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда таълим олиб, дарслар икки йўналишда – асосий ва ижтимоий гуманитар фанлар асосида ўтилади.  

Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида Ислом дини асослари, ҳуқуқшунослик, Темурийлар даври тарихи ва Темур тузуклари ҳамда психология фанлари бўйича намунавий ўқув дастурлари йўлга қўйилган.  

Бундан ташқари лицейнинг иккинчи босқич  ўқувчилари учун иккинчи хорижий тил сифатида хитой, турк, француз, немис тиллари дарсликка киритилган бўлиб, ёшлар чет тилларини мукаммал ўзлаштиришга интилмоқда.  

Ёшларнинг ўқишдан ташқари вақтлари мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида спортнинг камондан отиш, қўл жанги, бокс, енгил атлетика ва волейбол турлари бўйича тўгараклар ташкил этилган.  

Бугун ушбу масканда билим олиб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишни истовчи ёшлар жуда кўп. Хўш, бунинг учун улар қаерга мурожаат қилишлари керак?  

— “Темурбеклар мактаби”га ўқишга кириш учун ёшлар шаҳар, вилоят Мудофаа ишлари бўлимларига мурожаат қилишлари керак, — дейди “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи директор ўринбосари Рустам Файзуллаев. — Бу ерга 3 та танлов, яъни дастлабки танлов, ҳарбий касбий танлов ва тест синовлари орқали қабул қилинади.  

Йилдан-йилга ушбу масканда ўқиш истагида бўлган ёшлар сафи кўпаяётгани она Ватан ҳимояси, халқ фаровонлиги, маънавий-маърифий қадриятларга ҳурмат ошиб бораётганидан далолат.  

Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири