Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Темур. Юксалиш ва ҳукмронлик йўли” асари тақдимот қилинди
13:23 / 2026-03-06

Буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, турли давра суҳбатлари, илмий анжуман ва кечалар ташкил этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академиясида америкалик тарихчи олим Беатрис Форбс Менс қаламига мансуб “Темур. Юксалиш ва ҳукмронлик йўли” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда мазкур асарни чоп этиш ташаббускори бўлган ижодий гуруҳ вакиллари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари ва курсантлар иштирок этди.

Мазкур китобда Соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсий майдонга чиқиши, марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги мураккаб жараёнлар, ҳарбий юришларининг стратегик асослари ҳамда темурийлар салтанатининг кейинги тақдири чуқур илмий таҳлил асосида ёритилган.

Тадбирда сўз олганлар буюк аждодимиз таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нашрдан чиқарилган асар Амир Темур шахсияти ва темурийлар даврини чуқур ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

[gallery-28003]

Тақдимотда асар муаллифининг илмий фаолияти, китобни кенг оммага ҳавола этишгача бўлган ижодий жараёнлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, темурийларга муносиб авлод бўлиб етишаётган курсантлар ҳам сўзга чиқиб, Амир Темурнинг закийлиги ҳамда унинг фаолиятига оид ушбу китоб ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбир доирасида китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Муҳтарама Комилова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА