Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Темур тузуклари”: Буюк салтанат қоидалари ва уларнинг жаҳонга ёйилиши
08:47 / 2026-03-06

Жаҳон тарихида ҳукмдорлар қўлланмаси сифатида қадрланган нодир битиклар саноқлидир. Улар орасида Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаётий тажрибалари жамланган “Темур тузуклари” алоҳида ажралиб туради. Бу манба ўтмишда кўплаб тождорларнинг диққатини тортган ва уларнинг шахсий кутубхоналари тўридан жой олган. Хусусан, буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳжаҳон бу битикларни алоҳида қадрлаган. Шунингдек, Қўқон хони Муҳаммадалихон ва Бухоро амири Абдулаҳадхон ҳам ундан махсус нусхалар кўчиртиришган. Улар мазкур қоидалардан давлат бошқарувида муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланишган. Асарнинг довруғи шу қадар кенг тарқалганки, бугунги кунда унинг нодир нусхалари дунёнинг турли бурчакларида сақланади. Буюк Британия, Франция, Америка Қўшма Штатлари ва Ҳиндистон каби ўлкаларнинг машҳур кутубхоналарида бу битикларни топиш мумкин.

Ушбу ўлмас асарнинг асл туркий нусхаларидан бири Яман ҳокими Жаъфар пошшонинг хазинасида авайлаб сақланган. Ҳижрий 1047 йили (милодий 1637/1638 йили) Мир Абу Толиб Ҳусайний Турбатий ушбу асарни туркийдан форс тилига ўгиради. Сўнг ушбу таржимани Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳжаҳонга тақдим этади. Машҳур тарихчи Абдулҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома” асарида таъкидланишича, подшоҳ бу таржимани шахсан ўқиб чиқади. Кейин уни давлатнинг қозикалони ва забардаст адиби Муҳаммад Афзал Бухорийга топширади. Бухорий матнни Шарафиддин Али Яздийнинг машҳур “Зафарнома”сига синчковлик билан солиштиради. Хаттотлар томонидан қўшилган ортиқча сўзлар бўлса, уларни ўчириб ташлайди. Шу тариқа асарнинг бугунги кунгача етиб келган энг мукаммал матни юзага келади.

Рисоланинг ички тузилиши икки йирик мантиқий қисмга ажратилади. Биринчи бўлимда Соҳибқироннинг етти ёшидан то умрининг охирига қадар кечган ҳаёт йўли баён қилинади. Мовароуннаҳрда парокандаликка барҳам берилиб, қудратли ва яхлит бошқарувли давлатнинг ўрнатилиши тарихий далиллар асосида кўрсатиб берилган. Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон ва Усмонлилар султони Боязид Йилдирим устидан қозонилган ғалабалар сабаблари аниқ ёритилган. Шунингдек, Эрон ва Афғонистонга қилинган зафарли юришлар ҳам ихчам тарзда баён этилган. Иккинчи бўлим эса бевосита тахт ворисларига қаратилган ўзига хос панд-насиҳатлардан иборатдир. Унда вазирлар ва қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳийларнинг маоши ҳамда хизмат кўрсатганларни тақдирлаш қоидалари қатъий белгилаб қўйилган.

Соҳибқирон ўз салтанати пойдеворини ўн икки тоифали жамият асосига қуради. Бу тоифалар ичида саййидлар, олимлар, ҳунармандлар, ҳарбийлар ва савдогарларнинг ўз ўрни бўлган. Давлат тақдирини эса учта буюк устун, яъни подшоҳ, хазина ва аскар ҳал қилиши қатъий уқтирилади. Қўшиннинг тузилиши ўнбоши, юзбоши, мингбоши ва туманбегилардан иборат мукаммал ҳарбий занжирни ташкил этган. Оддий сипоҳий минган отининг баҳоси баробарида маош олган бўлса, баҳодирлар ва қўшин бошлиқларининг улуши каррасига ошиб борган. Мамлакат бошқаруви тўртта йирик улусга бўлиниб, шаҳзодаларга юклатилган. Масалан, тўнғич ўғил Муҳаммад Жаҳонгирга ўн икки минг кишилик қўшин билан вилоят берилган. Умар Шайх, Мироншоҳ ва Шоҳрух Мирзолар ҳам ўз тасарруфидаги ўлкаларни адолат билан бошқаришган.

Давлатни етти нафар вазир бошқарган бўлиб, улар салтанат устунлари сифатида улуғланган. Бу вазирлар фуқаронинг тинчлигини ва хазинанинг тўлиқлигини таъминлаш йўлида жонфидолик кўрсатишлари шарт эди. Амирлик даражаси ҳукмдорнинг дастлабки юришларида бирга бўлган уч юз ўн уч кишига берилган. Амирлар асосан ҳарбийлар бўлиб, барлос, арғин, жалоир каби ўн икки қабила ичидан саралаб олинган. Хизмат кўрсатган саркардалар туғ, ноғора ва баҳодирлик унвонлари билан тақдирланган. Саройдаги расмий маросимларда ўтириш тартиби ҳам қатъий белгиланган эди. Саййидлар, қозилар ва уламолар подшоҳнинг ўнг тарафидан жой олишган. Амирлар ва саркардалар эса мансабларига қараб сўл тарафдан ўрин эгаллашган. Баҳодирлар ва қиличбоз йигитлар тахт орқасида посбонлик қилишган.

Буюк жаҳонгирнинг молия ва хирож йиғишдаги одилона тартиблари бугунги кунда ҳам кишини ҳайратга солади. Аҳолидан хирож ундиришда икки вазир назорати ўрнатилган. Бири йиғилган молни ҳисоблаб, раиятнинг аҳволини доимий кузатиб борган. Бож олувчилар халққа зулм қилмаслиги учун қатъий чегаралар белгиланган. Иккинчи вазир эса йиғилган маблағни аскарлар маоши ва салтанат эҳтиёжлари учун тақсимлаган. Асардаги “турк-тожик” ибораси эса қадимдан ушбу халқлар ёнма-ён яшаганини тасдиқлайди. Дашти Қипчоқдан кўчиб келган “ўзбеклар жамоаси” ҳақидаги қайдлар ҳам ўта аҳамиятлидир. Аслида ўзбеклар Бақтрия, Сўғдиёна ва Хоразм воҳаларида яшаган қадимий элатларнинг бевосита ворисларидир. Бу жиҳатлар китобнинг илмий қувватини ва ҳаётий кўламини янада кенгайтиради.

Рисоланинг она тилимизга ўгирилиши ҳам машаққатли кечган. Мазкур нодир битик дастлаб олим Алихон Тўра Соғуний томонидан таржима қилинган. Кейинчалик ёш шарқшунос Ҳабибулло Кароматов уни асл нусхаларга таяниб қайта тиклади. Умуман олганда, Амир Темурнинг ушбу ўлмас мероси шунчаки тарихий битик эмас, балким ўзбек давлатчилигининг юксак салоҳиятини намойиш этувчи муҳташам кўзгудир. Олис мозийдан садо берувчи бу қоидалар аждодларимизнинг ақл-заковати ва тенгсиз ҳарбий маҳоратидан гувоҳлик беради. Ушбу қомусий мажмуани ўқиган ҳар бир инсон нақадар қудратли ва буюк миллатнинг фарзанди эканини чуқур ҳис этади.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА