Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Темур тузуклари» Амир Темур шахcиятини ўрганишда энг муҳим манба
14:52 / 2021-04-08

Бу кўҳна Турон диёри қанчадан-қанча аллома, олиму уламоларга бешик бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу билан бир қаторда бу муқаддас заминда жаҳон ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тараққиётига улкан ҳисса қўшган саркарда, ҳукмдор, давлат арбоблари ҳам етишиб чиққан. Шубҳасиз, улар орасида пешқадамлик миллатимиз фахри ва ғурури бўлмиш Соҳибқирон Амир Темурга тегишли.

Истиқлол шарофати билан бу улуғ саркарда ва буюк давлат арбоби, давлатчилигимиз тараққиётида беқиёс из қолдирган мўътабар зотнинг пок номи тарих зарварақаларига қайтарилди.

Амир Темур сиймоси, Соҳибқирон қадрияти – миллат ғурури ва шаънини англаш, миллий онгни юксалтириш ва ўтмиш воқелигини тушуниш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, буюк бобокалонлардан фахрланиш руҳида тарбиялаш, ўзбек номини жаҳонга танитишда «Темур Тузуклари» асарининг ўрни беқиёсдир.

Ушбу асар орқали Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, илм-фан, ободончилик, қурилишга оид қарашлари, яратувчанлик, бунёдкорлик салоҳияти, ҳаёт фаолиятининг мазмун-моҳияти, эзгулик, маънавий фазилатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, дин ва адолатга муносабати, салтанат ишларини, кенгаш ва машварат асосида, ҳар бир масалани эл-юрт манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли жиҳатларини қўришимиз мумкин бўлади.

Шундай буюк сиймонинг ўй-фикрлари ва қарашлари шу жиҳатдан нафақат ўз даври, балки келгуси авлод учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Икки китобдан (қисм) иборат тузукларнинг биринчи қисми Соҳибқироннинг ҳаёт йўли ва фаолиятига бағишланган бўлса, иккинчи қисми бевосита мамлакатни бошқариш масаласига қаратилган.

Иккала қисмда ҳам унинг эл-юрт, халқ дарди, салтанат ва давлат ташвиши билан бўлганлиги барча тузукларда ўз ифодасини топган. Амир Темурнинг сиёсат бобида маънавий қадриятларни уйғунлаштириши, қонун ва адолат устуворлиги, ҳар бир ишни маслаҳат ва машварат билан, давлат бошқарувини шижоат, қатъийлик, фидойилик, ҳалоллик ила бошқариш лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари бугунги куннинг ҳам долзарб масалаларидан бири бўлиб келмоқда.

«Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажариш зарур», деган кўрсатмалари орқали ҳам, бу буюк зотнинг бутун умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, адолатли ва одил ҳукмдор эканлигига амин бўламиз.

Бу қонунлар тўплами бугунги кунда давлат бошқаруви органлари, раҳбарлик лавозимларида ишлаётган, масъул вазифаларда фаолият кўрсатаётган шахслар, умуман, ҳар қандай зиёли инсон учун ноёб қўлланма вазифасини ўтайди.

«Темур тузуклари»ни ўқиш орқали Соҳибқироннинг ўзи буюк ҳукмдор ва моҳир саркарда бўлса ҳам куч-қудрат зўравонлик ва зулмда эмас, аксинча у адолат ва ҳамжиҳатликда эканлигини чуқур англаб етганини кўриш мумкин. Унинг давлат бошқарувидаги зеҳн-заковати, оқиллиги, ноёб ақлий салоҳияти кўплаб қийин вазиятлардан чиқиш, салтанат тизгинини ушлаб туришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилганини англаймиз. Шунинг учун ҳам бу китоб Амир Темур шахсиятини очиб беришда муҳим манбадир.

 Файзулло Яҳёев,  ЎзА