Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Темирйўл – саноатнинг пўлат карвони
17:42 / 2023-07-19

Темирйўл транспорти мамлакат иқтисодиётида етакчи ўринни эгаллайди. Бу унинг кўп қирралилиги, яъни, йилнинг исталган вақтида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига хизмат кўрсатиш ва халқ хўжалиги эҳтиёжларини таъминлаш, узоқ масофаларга катта ҳажмдаги юк ташиш самарадорлиги, нисбатан юқори тезлик, ишончлилик ва хавфсизлик, юк ташиш таннархининг арзонлиги билан изоҳланади.

"Навоийуран" давлат корхонаси ҳам ўз фаолияти давомида зарур бўладиган маҳсулотлар, хусусан, кимёвий моддалар ва бошқа халқ хўжалик товарларини ташишни темир йўл орқали амалга оширади. Бугунги кунда корхона “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан юк ташиш, вагон ва локомотивларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.  

– Темир йўл транспорти цехининг асосий иш фаолияти уран қазиб олиш геотехнологик конларига кимёвий маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш, маҳсулотни уран ишлаб чиқариш заводига ўз вақтида ташиб бериш ва тайёр маҳсулотни режа асосида манзилларга жўнатишдан иборат, – дейди Навоийуран” ДК транспорт бўлими бошлиғининг темир йўллар бўйича ўринбосари З.Нурназаров. – Айни пайтда “Навоийуран” ДК темир йўл цехи тасарруфида 19 километр темир йўл, 4 та локомотив ва 275 та вагон-цистерналар мавжуд. Жорий йилда 8,5 миллион тонна/кмдан зиёд юк ташиш режалаштирилган бўлиб, 6 ой давомида юк айланмаси режаси 4 миллион 524 минг 145 тонна/кмга бажарилди.  

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2022 йил 14 июлдаги “2022 - 2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, темир йўл орқали юк ташиш ҳажми ҳам ортиб бормоқда. 

– Белгиланган вазифаларни ўз вақтида самарали бажариш мақсадида “Навоийуран” давлат корхонаси ташкил этилганидан буён сульфат кислота ташиш учун 92 дона цистерна-вагонлар сотиб олинди, – дейди З.Нурназаров. – 2023 йил охиригача ушбу русумдаги яна 41 та цистерна-вагонлари, тайёр маҳсулотларни ташиш учун 11 цистерна ва TEM 18DM серияли манёвр локомотиви харид қилиш режалаштирилган. 2030 йилга келиб тепловозлар сонини 6 тага, вагонлар сонини эса 700 тага кўпайтириш кўзда тутилган.  

Жорий йилда корхонанинг 93 нафар мутахассисдан иборат темирйўлчилар жамоаси ички имкониятларни ишга солиб, 63 та вагонни депода, 9 та вагонни капитал, 2 та тепловоз жорий, 1 та тепловоз ва 270п/м темир йўлни капитал таъмирлашди.  

Ҳозирда Марказий моддий-техника базаси ҳудудида "Техник кўрикдан ўтказиш ва вагонларни таъмирлаш" пункти қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.  

Ушбу объектнинг қурилиши поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, вагонлар таъмирини мустақил равишда амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, 18 та янги иш ўрини яратилади.  

А.Бўриев, ЎзА