Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддиновнинг маълум қилишича, «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракат хавфсизлиги таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилишича, инспекция томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 107 та корхона ва ташкилотларда назорат тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларда фаолияти темир йўл транспорти билан боғлиқ бўлган юридик шахслар томонидан темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Текширишлар натижасида жами 9837 та камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан хавфсизликка таҳдид солувчи камчиликлар сони 4 минг 452 тани ташкил этган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи 104 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. 2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 304 та темир йўли, 113 та локомотив, 941 та юк ва йўловчи вагонлари носозлиги ёки фойдаланиш муддати ўтганлиги аниқланиб, ҳаракати тўхтатилган.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, вазирлик ва идораларга қарашли темир йўлларда йўл қўйилган темир йўл ташишлари хавфсизлиги бузилишларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, темир йўлларда ташишлар хавфсизлиги бузилишлари 23 та ҳолатда ҳаракатдаги таркиб ва техник воситаларнинг техник носозликлари, 11 та ҳолатда «инсон омили»нинг салбий таъсири сабабли юзага келган.
Инспекция томонидан 6 та темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган, бўлиб айни пайтда мазкур лойиҳалар қабул қилиш учун киритилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА