Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Темир йўллар: салмоқли ишлар кўлами кенгаймоқда
15:59 / 2023-08-07

Президентимиз фармонига биноан 2017 йилдан буён юртимизда август ойининг биринчи якшанбаси Темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

   Шу куни мазкур соҳа вакиллари меҳнати алоҳида эътироф этилиб, сана муносабати билан турли тадбирлар ташкил қилинади. Энг муҳими, Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табриги бизга куч бағишлади, шижоатимизга шижоат қўшди.

Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан дунё бозорига янги йўллар очиш, ички йўлларни бир-бири билан туташтириш, мамлакатимизни бошқа минтақалар билан боғлайдиган замонавий транспорт коммуникациялари барпо этиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди. 

Асосий эътибор янги темир йўлларни қуриш, мамлакатимизнинг ягона ва яхлит темир йўл тизимини барпо этишга қаратилди. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди. 

Кейинроқ “аср мўъжизаси” дея ном олган ноёб иншоот — Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу бунёдкорлик иншооти мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан Афғонистон тарихида илк бор “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўли бунёд этилди. Марказий Осиё минтақасида энг биринчи бўлиб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездлари қатнови йўлга қўйилди. 

Шунингдек, мустақиллик йилларида 2 400 километрдан ортиқ янги темир йўл барпо этилиб, мавжуд темир йўлларнинг 3 минг километрдан зиёди электрлаштирилди ва 1 100 километр қисми қайта тикланганди. 

Қолаверса, тармоқнинг саноат корхоналарида вагон-цистерналар, ёпиқ ва бошқа турдаги махсус вагонлар, энг замонавий йўловчи ташиш вагонлари қуриш йўлга қўйилди. Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Зеро, мамлакатимиз магистраль темир йўл тармоқлари орқали Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган катта транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятга эга.

Темир йўл, бу — иқтисодиётимизнинг қон томири, яъни минтақаларимиздаги мавжуд минерал хомашё ва табиий ресурсларни ўзлаштириш, йўловчиларни ташишда кенг имкониятлар яратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент метроси қурилишини давом эттириш юзасидан 2017-2020 йилларда умумий қиймати 295 миллион доллар давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланди. 

Халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш, узоғини яқин қилишга қаратилган улкан лойиҳалар бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда. У ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик жиҳатдан улкан аҳамиятга эга. Масалан, Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи автомобиль йўли аксар ҳолларда тирбанд бўлади. Оқибатда ёқилғи сарфи ортиб, атмосферага катта миқдорда зарарли газлар чиқади. Одамлар манзилига кечикиб, асабийлашади. Янги ерусти метроси эса аҳолига жуда катта қулайлик яратди. Сергели йўналишини Қўйлиқ йўналиши билан боғлаш, ерусти метросининг кейинги босқичларини қуриш бўйича ишлар ҳам жадал давом этмоқда. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ 2017 йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб белгиланди ва бу кунни соҳага мос тарзда, тантанали равишда ўтказиб борилиши белгиланди. 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз темир йўл тизимида узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тармоқни ривожлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, “Буни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганидан буён юк ва йўловчи ташиш ҳажми 2 баробардан зиёд кўпайгани, 1,6 миллиард тонна юк ташилиб, 380 миллион нафар йўловчи манзилга етказилгани ҳам яққол тасдиқлайди”.

Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгаллади. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда. 

Испаниянинг “Talgo” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган юқори тезликда ҳаракатланадиган “Аfrosiyob” электропоездлари пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнамоқда. 

Бу электропоездлар қисқа муддатда халқимиз ва хорижий меҳмонларнинг эътибори ва ишончини қозонди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ҳаракатланадиган таркибни замонавий, юқори самарали локомотив ва қулай вагонлар билан таъминлаш ҳамда модернизация қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда. Жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган янги темир йўл вокзаллари қурилди ва деярли барча станциялар халқаро сифат стандартлари талабига муносиб юқори технологиялар билан жиҳозланди. 

Темирйўлчиларимиз узоғимизни яқин қиладиган равон йўллар, Тошкент шаҳрида ва бошқа ҳудудларда ўнлаб замонавий кўприклар қуриб, Ватанимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, темир йўл соҳаси ишчи-ходимларининг “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ижтимоий соҳада, хусусан, табиий шароити, иқлими оғир ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиб бериш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, арзон уй-жойлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт масканларини барпо этиш йўлида олиб бораётган эзгу ишлари ҳам юртимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. 

Шу ўринда темир йўл соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратсак. 

Ўзбекистон темир йўл тармоғининг келажаги аввало, соҳага замонавий билимга эга, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, Ватанга меҳр билан яшайдиган ёш мутахассисларни кенг жалб этиш билан бевосита боғлиқдир.
Юртимиздаги темир йўл касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтини ҳар йили 3 мингдан зиёд ёш мутахассислар тамомлаб, йўлланма олаётгани келгуси тараққиёти учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. 

Айни вақтда Президентимиз таъкидлаганларидек, олдимизда юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, бой минерал-хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштириш, янги иш ўринларини яратиш, тармоқ корхоналари учун мутахассислар тайёрлаш ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига тобора ўсиб бораётган талабини қондиришга йўналтирилган инвестициявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш каби муҳим вазифалар турибди. 

Ишончимиз комилки, тизимдаги 90 мингдан зиёд юқори малакали, ўз касбига садоқатли, фидойи ва илғор темирйўлчилар жамоаси бу вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратини сафарбар этадилар. 

 

Тошпўлат Матибаев, фахрий темирйўлчи