Поезд - юк ва йўловчи ташишда арзон ҳамда ишончли транспорт воситасига айланди. Иқтисодиётнинг қон томирига қиёсланадиган соҳани янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам йўловчилар учун барча шароитни яратиб, хизматлар кўрсатиш сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Янги йил арафасида қўшни Тожикистон билан чегарадош Узун туманида “Узун” темир йўл вокзали янги биносининг фойдаланишга топширилгани бунга яққол далилдир.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда сўзга чиққанлар ана шу ҳақида атрофлича сўз юритди. Кейинги йилларда мамлакатимиз темир йўл тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилганини алоҳида қайд этди.
-Темир йўл бўйлаб мана кўриб турибсизлар талабалардан тортиб ҳамма аҳолига юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш ва уларни янада ривожлантириш юзасидан вазифалар белгилаб берилмоқда, - дейди “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти бош директори Шарофиддин Қодиров. -Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан қанча-қанча автобуслар, йўловчи вагонлари олинмоқда. Алоҳида поездлар қўйилиб, туристик вагонлар йўлга қўйилди. Келажакда Узун туманида ҳам алоҳида поездларимиз ҳар куни юриб, минглаб йўловчиларни ташиш учун бор кучимизни бериб ҳаракат қиламиз.
Сурхондарё вилоятида “Тошғузар –Бойсун –Қумқўрғон” янги темир йўли барпо этилгач, юк ва пассажир поездлари қатнови учун янада қулай имконият пайдо бўлди. Жанубдаги вилоят билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларини боғлайдиган янги йўналишдаги пассажир поездлари қатнови йўлга қўйилди. Қарши –Термиз темир йўллари электрлаштирилди. Бу ишлар воҳа аҳли ва вилоятга келаётган меҳмонларнинг манзилларига тез, арзон ва хавфсиз етиб олишига хизмат қилмоқда. Шунга мос равишда янги вокзаллар қурилаётгани, мавжудлари реконструкция қилиниб, йўловчилар учун замонавий қулайликлар ҳам яратилаётгани барчага бир олам қувонч бағишламоқда. Жумладан, Термиз шаҳридан қарийб 180 чақирим олисдаги энг чекка туманда ишга туширилган “Узун” темир йўл вокзалининг фойдаланишга топширилиши ҳам ўзига хос байрамга айланди. Эрта тонгдан узунликлар шу пайтгача йўловчиларга хизмат кўрсатиб келган темир йўл бекати ўрнида қад ростлаган замонавий вокзални томоша қилишга ошиқди.
“Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари лойиҳаси асосида қурилган вокзалда миллий ва замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилгани ва йўловчилар учун зарур шароит яратилгани барчага бирдек манзур бўлди. Вокзал атрофи яшилликка бурканган. Бинонинг ташқи ва ички қисмига миллий анъаналаримиз асосида безак берилиб, кутиш зали, дам олиш ва ювиниш, тиббиёт хоналари, юқори даражадаги сервис хизматлари кўрсатиш зали қурилган. АСУ “Экспресс-3” тизимли ускуналар билан таъминланган замонавий темир йўл чиптахонаси, йўловчилар учун айвон мавжуд. Электрон чипталарни рўйхатдан ўтказиш йўлга қўйилган. Электрон маълумотлар таблоси ўрнатилган.
– Мен темир йўлда кран-машинисти бўлиб ишлаганман,–¬дейди меҳнат фахрийси, “Фидокорана хизматлари учун” ордени соҳибаси Мунаввар Маллаева. –Президентимизга халқ номидан раҳмат айтаман. Чунки, Тошкентдан Узунгача поезд қўйилди. Бу халқимиз учун, қариялар, ота-оналар, болалар, студентлар учун ҳамма шароит яратилган. Янги барпо этилган бино жуда чиройли. Шароитлари шунчалик зўр, тоза, озода. Мана чеккадан келадиган меҳмонлар учун, туристлар учун ҳамма шароит бор. Аввал бу нарсалар йўқ эди. Ҳавас қилиб яшар эдик, ҳавас қилиб ишлар эдик. Шу ҳавасларимиз ижобатини кўриб турибмиз. Халқимиз жуда миннатдор. 2004 йил ¬янги йил билан барча Ўзбекистон халқини темир йўлчилар номидан табриклайман.
Темир йўлчиларнинг айтишича, Узунда шу пайтгача мослаштирилган бинода 40-50 йўловчига хизмат кўрсатадиган кичик бекат мавжуд эди. Кичкина кутиш залига эга бекатда хизматлар кўрсатиш ҳам шунга яраша бўлиб, баъзи пайтларда йўловчиларни сиғдиролмаган. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маблағи эвазига қурилган янги вокзалда эса йўловчилар учун барча қулайлик бор. Бир вақтнинг ўзида 100-150 йўловчини сиғдира оладиган ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам мўътадил ҳарорат билан таъминлайдиган кутиш зали, чиптахона, дам олиш, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд. Вилоятнинг энг чекка туманига поездлар қатнови учун келгусида яна қатор имкониятлар яратилиши режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ZLp1oL7CpvQ" title="Temir yoʻlchilar chekka Uzun tumanida yangi yilga ajoyib sovgʻa topshirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
–Бир неча йил аввал Узун туманида кичик станция бўлиб, қўшни давлатлардан келган чет эллик фуқароларга хизмат кўрсатиш даражаси етарлича бўлмаган, –дейди “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамияти Сурхондарё филиали технолог ¬муҳандиси Фаррух Жумаев. – Бугунги кунда эса қуриб битказилган вокзал барча шароитларга эга бўлиб, ўз ичида оналар ва болалар хонаси, намозхоналар, вип зал, тиббиёт хонаси ишлаб турибди. Биз ҳозирги кунда йўловчиларга тўлиқ хизмат қила оламиз. Электрафикация босқичма-босқич амалга оширилади. Вақт нуқтаи-назаридан ҳам йўловчиларга шароит яратилади. Олдин уч-уч ярим соат юрган бўлса, бир, бир ярим соатгача қисқариши мумкин. Электрофикация бўлса ёқилғи ҳаражатлари ҳам қисқаради.
“Узун” вокзалининг тантанали очилиш маросими санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири