Қашқадарё вилояти Қарши минтақавий темир йўл узели биносининг мажлислар зали бу сафар ҳар кунги иш режалари муҳокама этиладиган жойга эмас, балки одил судлов жараёни ўтказиладиган майдонга айланди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар жам бўлиб, ҳамкасблари содир этган жиноят юзасидан ўтказилаётган сайёр суд мажлисида қатнашди. Бу учрашув нафақат оддий жиноят ишини кўриб чиқиш, балки барчага сабоқ бўладиган чора-тадбир сифатида ташкил этилди.

Судга раислик қилган шахс мажлис аввалида темир йўл соҳасида содир этилаётган жиноятлар таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса, бу галги иш айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг ўз ваколатларидан ташқарига чиқиб, шахсий манфаат йўлида қандай хатога йўл қўйганини яққол кўрсатиб берди.

Суд ҳужжатларига кўра, Қарши ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядининг бошлиғи ўринбосари ҳамда ушбу отряд ходими биргаликда ишга киритиш баҳонасида фирибгарлик жиноятини содир этган. Жорий йил май ойида улар Қарши туманининг Қоратепа маҳалласида яшовчи танишининг хонадонида меҳмон бўлиб, унинг ўғлини ички ишлар тизими ёки қўриқлаш отрядига ишга жойлаштириш имконияти борлигини айтган. Бунинг эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилишган. 13 июнь куни улар сўралган пулни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.

Суд мажлиси давомида маълум бўлишича, уларнинг ишга жойлаштиришга ҳақиқий ваколатлари бўлмаган. Шунга қарамасдан, улар одам ишончи ва иш излаётганлар эҳтиёжидан фойдаланишга уринган.
Суд томонидан барча далиллар, ҳимоя ва айблов томони фикрлари атрофлича муҳокама қилинганидан сўнг, судланувчиларга нисбатан ҳукм эълон қилинди. Унга кўра, улар икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. Шу билан бирга, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ундирилади ва 1 йил мобайнида мансабдорлик лавозимларида ҳамда моддий жавобгарликка эга вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу сайёр суд нафақат жазо тайинлаш, балки соҳада ишлаётган ҳар бир ходимга аниқ сигнал бериш мақсадини кўзлади: давлат хизматида ишлаш масъулият, ҳалоллик ва қонунийликни талаб қилади. Бир неча дақиқалик “омад” излаш билан бутун фаолият йўлини тугатиш ва обрўни йўқотиш мумкин. Шунинг учун ҳар бир ходим ҳар қандай вазиятда ҳам қонунни устувор билиши, шахсий манфаатни умумманфаатдан устун қўймаслиги зарур.
Ўлмас Баротов, ЎзА