Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Фирдавс Хайриддинов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда темир йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашуви билан боғлиқ 9 та ҳолат қайд этилиб, 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
53 та корхона ва ташкилотда ташувлар хавфсизлигига риоя қилиш юзасидан текширувлар ўтказилди. Бунда темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар, поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларга риоя қилиниши, ходимларнинг сифат таркиби масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Текширувларда 3 минг 577 та камчилик аниқланди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 1 минг 635 та профилактик тадбир ўтказилди.
Инспекция томонидан «Фойдаланишга топшириладиган ҳаракатдаги темир йўл состави хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги, «Темир йўл транспорти инфратузилмасининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда «Юқори тезликдаги темир йўл транспорти хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган ва Транспорт вазирлигига киритилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири