Мана бир неча йилдирки, юртимизда август ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиб келинади.
Маълумки, ҳар қандай давлат тараққиётида темир йўл соҳаси муҳим роль ўйнайди. Ўзининг бой тарихига эга бўлган бу соҳа Ўзбекистонда ҳам жадал ривожланмоқда. Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам темир йўл соҳаси етакчи тармоқлардан бири ҳисобланади.

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Темир йўл транспорти бўлими бошлиғи Зафар Саемов ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Комбинат турли ҳудудларда 2 та темир йўл транспорти бошқармаси ва 1 та темир йўл цехига эга бўлиб, 54 та замонавий тепловози, 890 та турли хил вагонлари, корхона балансида бўлган 433 километрлик темир йўлига эга. Биргина, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида пўлат излар орқали 38,5 миллион тоннадан ортиқ ҳар хил турдаги юклар, 15,3 минг нафар йўловчи ташишга эришилди. Айни пайтда умумий ҳажмдаги маъдан ташишнинг аксарият қисми темир йўл транспорти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳар бир соҳа тараққиёти қўллаб-қувватлашга боғлиқ. Биз меҳнат қилаётган комбинатда ҳам соҳамизга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг натижасида темир йўл тармоғи жадал ривожланиб, соҳа фидоийлари меҳнати қадр топиб, бу рағбат уларни янги марраларга чорламоқда.
Комбинат тарихида илк бор жамоа кучи билан “Турбай”, “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конларини гидрометаллургия заводлари билан боғловчи 82,6 километрлик янги темир йўл линиялари қурилди. Республикамизда биринчилардан бўлиб “2ТЭ25КМ” русумли 10 та замонавий икки секцияли тепловозлар олиб келинди. Буларнинг барчаси соҳани янги босқичга олиб чиқиш, унинг замонавий индустриясини яратиш, маблағларни иқтисод қилиш, юк ва йўловчи ташиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жорий йилда янги линия ва бекатлар қуриш, вагонларини янгилаш мақсадида “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш” заводида ишлаб чиқарилган 15 та йўловчи ташиш вагонлари сотиб олинди. Бундан ташқари, Марказий кон бошқармаси темир йўл транспорти бошқармасида йўлларни сақлаш хизмати таркибида йўлларни капитал ва ўрта таъмирлаш участкаси ташкил этилиши эса хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маблағларни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Шунингдек, тизимда қатор лойиҳалар амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, 4-юклаш пункти, Шарқий оҳак темир йўл станциясига қўшимча йўл қуриш, 5-маъдан қабул қилиш пункти, “Карьерная” станциясига қўшимча темир йўлларни қуриш, йўловчи ташиш поезди маршрутини “Янги-Зарафшон” станциясидан “Карьерная” станциясигача узайтириш режалаштирилган.

Яна бир ютуғимиз, бу – кадрлар масаласидир. Чунки, комбинатда “устоз ва шогирд” анъанаси йўлида ёш мутахассисларни тарбиялаш, уларга тажрибали мутахассисларни бириктириш, замонавий кадрлар захирасини яратиш асосий вазифалардан биридир. Шу мақсадда 2022-2025 йилларда 567 нафар ёш қайта тайёрлов ва малака ошириш амалиётларини ўтади.
Табиати инжиқ, ёзи жазирама, қиши изғиринли Қизилқум кенгликларида кўп минг кишилик жамоа билан кеча-ю кундуз меҳнат қилиш осон эмас. Ишчи-ходимларимизни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга муносиб яшаш ва иш шароитларини яратиб бериш биринчи галдаги вазифамизга айланган. Комбинат улкан ижтимоий масъулиятни зиммасига олган ҳолда кончилар масканлари бўлган Зарафшон, Учқудуқ, Заркент, Маржонбулоқ каби шаҳару қўрғонларда барпо этилган инфратузилма объектларида барча шароитлар яратиб берилган. Улар ва оила аъзоларига сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар ажратилмоқда.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.