Мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик қилиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Бунинг самараси ўлароқ бундай оилаларнинг каттагина қисми “Темир дафтар”дан чиқарилишига эришилди. Бироқ шундайлари ҳам борки, уларга бир-икки марта кўмак берилгани билан хонадонни камбағалликдан халос қилишнинг имкони йўқ. Шу боис Қашқадарёда бундай оилаларни тўлақонли, комплекс қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳрисабз туманида Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати доирасида ўтказилган тадбирда “Темир дафтар”да қайд этилганларга фақат моддий ёрдам бериш эмас, уларнинг реал даромад манбаларини яратиш чоралари кўрилди.
Тумандаги Мевазор маҳалласида яшовчи Феруза Қандарованинг турмуш ўртоғи ҳам, ёлғиз қизи ҳам касалманд. Топганлари дори-дармондан ортмайди. Шу сабаб баъзан қора қозон ҳам қайнамай қолади.
Уй-жойининг аҳволи ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. Амал-тақал қилиб кун кечираётган бу оилага тадбир доирасида бир бош қорамол, икки бош қўй, 20 та товуқ, иккита қуён озуқаси – сомони, бедаси ва дони билан ҳамда тикув машинаси, бир оила асалари берилди. Товуқлар учун катак етказилди. Бундан муштипар аёл жуда хурсанд бўлди.
– Оиламизга кўрсатилган бундай ғамхўрликдан жуда миннатдормиз, – дейди Ф.Қандарова. – Берилган чорва молларини боқиб кўпайтирамиз, тикув машинасида тикувчилик қиламан ва шу орқали оиламизнинг иқтисодий аҳволини тиклаб оламиз насиб этса. Албатта оила аъзоларимиз билан меҳнат қилиб, бизга билдирилган ишончни оқлаймиз.
Чуқун маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Файёза Сойипованинг турмуш ўртоғи касаллик туфайли бевақт оламдан ўтган. 3 фарзанди билан қолган аёл уларнинг парваришидан ортиб, ишлай олмайди. Шу боис ночор аҳволда кун кечирарди.
Тикувчиликни бинойидек эплайдиган Файёзага тикув машинаси берилгани унинг уйда ўтириб ҳам даромад топиши учун айни муддао бўлди. Қолаверса, уларга ҳам бир бош қорамол, икки бош қўй, 20 та товуқ, иккита қуён озуқаси – сомони, бедаси, дони билан, бир оила асалари берилди. Товуқлар учун катак етказилди.
Тумандаги секторлар раҳбарларининг ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ана шундай 441 та оилага шодлик кириб борди. Уларга 50 та қорамол, 300 га яқин қўй, 500 дан зиёд товуқ ва қуён, 40 дан зиёд тикув машинаси берилди. Илгари бундай ёрдамларнинг бир қисмини олган оилаларга ўша куни бошқа даромад манбалари улашилди.
Аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламини тўлақонли қўллаб-қувуватлаш мақсадида амалга оширилаётган бу каби ишлар ночор оилаларни камбағалликдан чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Фақат ўша оилалар берилган кўмакни даромадга йўналтирсалар бўлгани.


Ў.БАРОТОВ, ЎзА