Пойтахтимизда “Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва янги имкониятлар” республика кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
Кўргазмадан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 июнь куни “Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт-соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир. Шу боисдан, қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.
Энергетика вазирлиги департаменти мутахассиси Бурхон Тўлагановнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 1 сентябригача қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ягона портал яратади. Айни пайтда вазирлик томонидан бу ишлар жадал олиб борилмоқда.
1 сентябрда ишга туширилиши режалаштирилаётган ягона порталда ишлаб чиқарувчи корхоналар, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, уларни қаердан ва қай тартибда харид қилиш тўғрисида маълумотлар жамланади.
[gallery-8072]
– Уч кун давом этадиган ушбу кўргазмада иштирокчилар учун бу борада маълумотлар берилади. Жорий йилнинг 10 июнь куни давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий объектларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида ҳудудларда ҳам бу каби кўргазмалар ташкил этилмоқда. Бунга қадар Фарғона, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги масалаларига бағишланган давра суҳбатлари ҳамда кўргазмалар ўтказдик. Бугун эса ушбу тадбирни вазирлигимиз “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларга кўра, жорий йил 5 мингта, 2023 йилда 10 мингта “темир дафтарга” кирган оилаларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини беғараз ўрнатиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида мамлакатимиз олис ҳудудларидаги эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси ва иссиқ сувга бўлган талаби қондирилади, – деди Б.Тўлаганов.
Маълумотларга кўра, бир йилда юртимизда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Мисол учун, ўтган йили энергия ресурсларига Сув хўжалиги вазирлиги 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари 200 миллиард сўмдан бюджет маблағларини сарфлаган. Бу эса ўз навбатида, барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганлигини алоҳида таъкидлаш ва ташкил этилган ушбу кўргазма бу масалада ижобий ечим бўлишга хизмат қилади.
“Mir solar” МЧЖ мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарадиган илк корхона ҳисобланади. У 1999 ташкил этилган бўлиб, 2006 йилда биринчи қуёш панелларини ишлаб чиқарган. Корхонанинг биринчи лойиҳаси Наманган вилояти аэропортида ўрнатилган.
– Биз, тадбиркорлар учун бугунги кўргазма кенг имкониятлар яратди, – деди “Mir solar” МЧЖ бош директори Акрам Мирзабоев. – Унда биз бир нечта катта лойиҳалар бўйича шартномалар имзолашга эришдик. Аҳамиятлиси, кўргазмада истеъмолчилар ва харидорлар бевосита ишлаб чқарувчилар билан юзма-юз учрашди ва мулоқотда бўлди. Корхонамиз Тошкентда жойлашган бўлса-да, бутун республика бўйича фаолият олиб борамиз. Бугунги кунда корхонамиз маҳсулотларига ишлаш муддатига 10 йил кафолат беряпмиз. Яъни ўн йил давомида қанақадир сабаблар билан бузилиб қолса, уни ўзимиз алмаштириб берамиз.
Аҳамиятли жиҳати, кўргазманинг биринчи кунида 140 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Шунингдек, тадбир доирасида ишчи гуруҳи йиғилиши ҳам ўтказилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири