Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Темир дафтар»га ҳавасманд тўкислар...
15:15 / 2020-08-07

Синовли кунлар барчани бирдек синамоқда.


Синовли кунлар барчани бирдек синамоқда. Ёшдир, кексадир, бойми, қўли қисқами – бу ташвишли кунлар ичида бир қалқиди. Дил дафтарини обдон варақлаб, тафтиш хулосасини ёзмоқда. Омонат жонни асраш йўлида қалб ва тан покизалигини сақлаш, иймон билан юзма-юз келиш - барча юмушларнинг энг мукаррами экани тобора аён бўлмоқда.

Ўзбекистонда ҳеч ким эътибордан четда эмас! Буни баландпарвоз ёки тўқиб айтилаётган гап деб ўйламанг. Одамларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ташвишли кунларни тезроқ енгиб ўтиш - тизимли равишда олиб борилаётган тадбирлар мазмунида ўз ифодасини топмоқда. Яна бир муҳим жиҳати – барчаси аввало юрт раҳбарининг диққатида. Президент қай бир чиқишида бўлмасин ёки йиғилишда албатта мазкур масала атрофида фикрлашиб, пандемияни енгишда юксак сабр, ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида иш юритиш, эътиборга муҳтожларни бирдек кўнглини олиш, савоб ишларга хайрихоҳ бўлиш, муҳими адолат билан иш тутишга чорлаб мурожаат этмоқда.

Катта оила Ўзбекистонни бу синовлардан кам талафот билан олиб чиқиш, халқимизни асраш, саломатликни муҳофаза қилиш барча тадбир ва ҳаракатларнинг аввали экани равшан бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони доирасида улуғ айём қурбон ҳайити байрами муносабати билан эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларни моддий қўллаб-қувватлаш анъанаси давом эттирилди.

Қашқадарёда ҳам 20000 эҳтиёжманд оилага «ҳайитлик» кириб борди. 1 миллион сўмдан нақд пуллар тарқатилди. Эътибор, кўмак, муҳими рағбат карантин даврида «зиқ» бўлиб уйда ўтирган қалбларга қувонч олиб кирди. Бу иззат қатида «сиз бизга ҳам руҳан, ҳам жисман соғлом кераксиз, ҳамиша эътибордасиз» деган даъват бор. Саховатпеша тадбиркорлар ҳисобидан 750 та оилага чорва моллари, парранда ва қуён тарқатилди. Байрамлик олмаган ёки уйига «совға» кириб бормаган хонадон қолмади. Тиббиёт ходимларига моддий рағбат берилиши, тадбиркорлар учун имтиёзлар яратилгани, ишлайман, меҳнат қиламан деганга субсидиялар ажратилаётгани, кредит таътиллари жорий этилиши - дўппини бошдан олиб, чойни симириб бир обдон фикр юритсангиз, «қўли очиқ» давлат фуқаролари эканимиз намоён бўлади, бўлаверади.

Юрт бўйлаб амалга оширилган улкан савобли ишларнинг муждаси Яккабоғ тумани «Айғиркўл» МФЙ да истиқомат қилувчи Равшан Холмўминов оиласига ҳам етиб келди. Уч йилдирки оғир хасталик билан курашаётган оила эгаси, «Юртбошимизнинг бу эътиборларини чин дилдан ҳис қилдим, оғриқларимга дармон деб билдим» дейди у. Ана шундай рағбат, ҳаловат тумандаги 1170 та оилага кириб борди, уларнинг рўзғори тутумида мадад бўлди. Пул топармони хаста бўлсада, Холмўминовлар оиласининг уч фарзанди тақдири назардан четда эмас. Катта фарзанд Холидахонга маҳалла раисининг ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида тикув машинаси берилди. Онасининг ёнидан кириб, озми кўпми у ҳам оила дастурхонига улуш қўшмоқда, муҳими меҳнатга ўрганяпти.

– Мен бир оилани биламан. Хонадон эгаси бўлган ота бундан бир неча йил илгари вафот этган, она икки фарзанд билан ёлғиз қолган. Бошида бироз қийналишди, то рўзғор бошиликни бўйнига олгунига қадар аёлгина анча азият чекди. Ҳозир эса... - дея суҳбатни давом эттиради Касби тумани Қўриқ қишлоғида яшаётган меҳнат фахрийси Арслон бобо. - Биласанми томорқасида ўн икки хил экин экади, чорва моллари боқади. Апрель ойидан буён неча бор, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида озиқ овқат тарқатилди. Дийдаси тўқ экан, раҳмат шу ишни бошида турганларга, розиман. Кўнгилга олмасангизлар бир гап айтай бизданам аҳволи оғирлар бор, ётиб қолган, ногиронлар бор, уларга беришсин. Меҳнат ортида озми кўпми рўзғорни тебратиб турибмиз, -дейди келинчак. Шукронада ҳикмат борда – дея отахон қўшиб қўяди.

Ори номусини ҳар недан устун қўйган, ҳатто энг таҳликали, синовли кунларда, уруш йилларида ҳам сабрни дўст билган, бир бирини асраб авайлаган, ҳаммани биродар билган ва ташвишларни оға-ини бўлиб енгиб ўтган азиз инсонларнинг издошлари эмасмизми? Наҳот биз буни тобора унутаётган бўлсак. Афсуски, унутиб қўяёзган эканмиз, мен буни бир маҳалла мисолида кузатдим. Яккабоғ тумани «Айғиркўл» маҳалласида ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд 19 нафар оила вакилига 1 млн сўмдан нақд пул тарқатилди. «Раҳмат давлатимизга, айни муддао бўлди», дегувчилар кўп бўлди, шукур! Афсус ичида ҳасади ғалаён қилиб, «Нега мен эмас?» дея пориллаганлар ҳам топилди. Устма-уст қўнғироқ қилганлар, туман ҳокимлигига қатнаб оёқ кийимни едирганлар учради.

Косон туманида ана шундай саховат тадбирлари чоғида бир кишининг тарози олиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини бирма-бир ўлчаб олгани ҳақида ҳамкасбим айтиб берганди. Йўқ, у ўйлагандек бўлмапти. «Грами кам бўлса ҳам юқорига айтаман»деб қўярмиш, маҳсулотлар ўлчови ошиғи билан чиққач, лом-лим демай баланд девор билан ўралган ҳовлисига ташиб кириб кетибди. Нега бу каби тўкислар рўйхатларга кириб қолмоқда десангиз маҳалла раиси бир чуқур хўрсинади ва айтадики, улар овозини баланд қўйиб гапиришни касб қилганлардан. Шу «темир дафтар»дан номи чиқмаса қолса, тинимини йўқотади, шу ишга масъулларнинг ҳам тинимини ўғирлайди. «Беномусдан ё қоч қутул, ё тон қутул» дердилар момом.

«Мени кам таъминлаганлар рўйхатига қўшишлари керак, ахир менга ҳам пул беришсин, мен кимдан камман» дея эҳтиёжмандликка ҳавасманд бўлган аёлгинанинг овози қулоғим остида эшитилгандек бўлди.

- Сиз кам эмас тўкиссиз, опа. Шукур қилинг турмуш ўртоғингиз, билаги кучга тўлган фарзандларингиз ёнингизда. Ана остонада машинангиз турибди. Айни синовли кунларда қалбни сабр билан суғориб, борига қаноат қилиб, 12 сотихли томорқадан маблағ топишни ўрганиш ва ўргатиш керакмикин. Йўқ, йўқ дегани сари йўқликка қараб кетаверади, ҳаммаси ниятга боғлиқ , - дейман Гулбаҳор опага.

- Телевизорда эълон қилса, ҳаммага бераркан дебманда. Майли бу гал келишингизга шу томорқани яшил қилиб, экинга буркаб қўяман, бир йили мўл-кўл картошка олгандик. Кейин ҳафсала қилмай қўйдикда, ўзи. Мана карантинлар юмшаса ўғлим «таксичи»лигини давом эттиради, тўғри айтасиз, мен, турмуш ўртоғим пенсия оламиз, яқинда яна ошди дейишяпти. Айтганингиз рост, бор деб турайлик-а. Кўча адоғида эри касалманд ҳамсоямиз яшайди, болалари ёш уларга бериш керак эканда, маҳсулотни, пулни - дейди опа хижолат тортиб.

Ишонч телефонию, Халқ қабулхонасини безовта қилиб, маҳалла гузарининг турумини тинмай бузаётганларга бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма, шу сенинг яхшилигингдир» ҳикматини эслатгим келади. Барчаси ниятга боғлиқ. «Мен касалман», «мени топишимда барака йўқ», «мени камбағаллар рўйхатига қўшсин» деганларга нияти ҳамроҳ бўлиши ва айтганлари секин аста амалга ошиши бор гап. Чунки ният кетганда. «Ниятинг, йўлдошинг» - дейди халқимиз. Синовли кунларда ўзаро бирлашиб, елкадош бўлиб, яхшини ошириб, ёмонни яшириб яшаб келган элнинг фарзандларимиз. Рўзғорини гапини кўчага олиб чиққан одам ҳеч кимнинг кўзига яхши кўринмаган, масхара бўлгани қолган холос. Нега бундай демоқдаман, озгина ташвишни бўрттириб ижтимоий тармоқлару «Озодлик» радиосида бонг ураётганларга айтгинг келади: муаммо ҳақида айтилгани, айюҳаннос солингани билан тугуннинг ечимини шу ерда ўзимизда экани аёнку? Ризқ берган, киндик қони тўкилган юртнинг шаъни, нуфузини кўтариш эмас, унинг ойнасини хира қилиш бу четдан туриб ковлаётганларнинг чўмичига мой бўлиб қўйилишини «шошма-шошарлар» билармикин? Машҳур «Суюнчи» фильмида айтилганидек, «балониям билади». Йўлига бир чопқиллаб кўради, бу «югуриш» қанчадан қанча кишилар учун асаббузарлик, ортиқча юк, энг хунуги юрт шаъни учун доғ эканини билади, аммо...

Яккабоғ тумани биринчи сектор ҳудудида яшовчи 10 нафардан ортиқ фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қўнғироқ қилиб нега 1 миллион сўм маблағ уларга берилмагани ҳақида мурожаат қилишган. Туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар ва тушунтиришлар олиб борилди. «Янги ҳаёт» маҳалласида яшовчи Гулнора Дониёрованинг оиласида 10 киши яшайди. Хонадоннинг беш нафар аъзоси меҳнат қилса қилгудек, аммо 15 сотих ер ишчан билакни кутиб ётибди. Замонавий машина дарвозахонага кўрк бериб турибди. Тушунтиришлар олиб борилди. Томорқадан унумли фойдаланиш учун тавсиялар берилди.

Фақат бир томонни кўряпсиз, адолат мезони бузилгач аҳоли норози бўлади, муаммо ҳақида айтдида дерсиз. Ҳа, беш бармоқ баробар эмас, маҳалла раислари орасида пайтдан фойдаланиб қолишни ўзига эп билган, халқ орасига кирмаган, унинг дарду ташвишини ўзидан йироқ деб биладиганлар ҳам йўқ эмасда. Гуруч курмаксиз бўлмас. Халқ ҳаётидан узилиб қолганлик, маҳаллада яшовчи аҳоли ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганлик, лоқайдлик афсуски, адолат посонгисини бузилишига олиб келмоқда. Яна халқ бисотига қайтамиз, «Инсоф сари барака». Сирасини айтганда, бу синовли кунлар бизни синади, кўзгу тутди. Қалб таҳририга ёндаш қилди. Коронавирус пандемияси шароитида саломатликни қадрлаш, мурувват кўрсатиш, шукроналик ва сабрнинг замирида юксак аҳамиятга эга куч борлиги ҳақида ўқитди.

Якунга яқин қолганда... Яккабоғ тумани ҳокимлиги томонидан берилган маълумотларга қараганда туманда ўтган давр мобайнида «темир дафтар»га киритилган 4355 эҳтиёжманд оиланинг 1825 нафар аъзосининг бандлиги таъминланибди. Демак улар ишли бўлган. Оиласига даромад олиб кирмоқда. Синовли кунларни меҳнат билан енгишга ўрганмоқда. Нима бўлганда ҳам, банд бўлса, ишга шўнғиса«кўчага гап ташишга» вақти бўлмайди. Озми кўпми, ширин шакар топганини рўзғорига ташийди.

- Бугунги пандемия шароитида ҳеч кимга осон бўлаётгани йўқ, буни кўриб, билиб турибмиз, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. – биз кичик ватан оиламиз тақдири, фарзандларимиз саломатлиги ҳақида жон куйдираётган бўлсак, қаранг Президентимиз катта қўрғон Ўзбекистон учун қайғурмоқдалар. Илоҳим, бу кунлар тезроқ ортда қолсин. Айни кунда амалга оширилаётган саховат амалларининг меваси йиллар ўтиб ўз ҳосилини беради. Мана шу хайрли ишларни кўриб, англаб турган фарзандларимизнинг ҳаётида, меҳнатида. Насиб...

Ҳа, «қаҳрамон опа» айтгани каби: ана нурли тонглар оқариб келяпти, ҳадемай бу кунлар унут бўлади. Ёруғ юз, дили равшанликда учрашишдан буюрсин.

Ўзингизни асранг!

Зиёда АМИНОВА,
журналист.