Ҳар куни телевизор қаршисига ўтирар эканмиз, бирор кўрсатув ёки кинофильмни кўриб тугатгунимизча унинг орасида бериладиган реклама ва ижтимоий роликлардан зерикиб кетамиз. Бу масала ижтимоий тармоқларда, аҳоли ўртасида муҳокамага ҳам сабаб бўлиши сир эмас.
Маълумки, шу йилнинг 7 июнида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонун 8 сентябрдан бошлаб кучга кирди. Унда реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қатор нормалар ўз ифодасини топган.
Хусусан, қонунда телеканалларда тарқатилаётган рекламаларга оид бир қатор тартиб-қоидалар ҳам акс этган. Яъни, телеканаллар эфирида, теле-, видео, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида 20 фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг 15 фоизидан ошиши мумкин эмас. Шунингдек, эндиликда давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга ҳам йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, рекламанинг тили масаласи ҳам кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Бу борада қонуннинг 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилган. Реклама мазмунининг таржимаси эса қатор талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин. Яъни, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, ташқи рекламаларда эса таржима матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонталь ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак. Шунингдек, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги матн ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак.

Янги қонунда реклама соҳасида айрим тақиқланадиган ҳолатлар ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, давлат рамзларидан — Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Давлат байроғи тасвиридан ҳамда Давлат мадҳияси оҳангидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлаш тақиқланган. Бундан ташқари, дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва таълимда фойдаланиладиган бошқа босма нашрларда товарларни реклама қилиш мумкин эмас.
Кўпинча кўчаларда, катта йўл қатновларида ташқи реклама ва баннерларни, конструкцияларни йўлнинг қатнов қисмигача чиқариб ўрнатиш ҳолатларини кузатамиз. Эндиликда бу каби ҳолатлар ҳам тақиқланади.
Шунингдек, ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларига, йўл белгиларига ва светофорларга, уларнинг тиргакларига ёки ҳаракатни тартибга солиш учун мўлжалланган бошқа ҳар қандай қурилмага ўрнатиш, бундан ташқари, туташ ҳудуддаги ободонлаштириш элементларини бузган ҳолда ўрнатиш тақиқланади.
— Қонун билан реклама соҳасидаги тартиб-қоидаларнинг мустаҳкамлангани ижобий ҳол, албатта. Аммо белгиланган меъёрларга амал қилмаслик ёки уларни бузиш ҳолатлари юз берса, қандай жавобгарлик бор?
— «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 47-моддасида реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар белгиланган, — дейди Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Умид Жабборов. — Масалан, ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик учун эса БҲМнинг 70 баравари миқдорида жарима солинади. Энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талаблар бузилса, шунингдек, ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартиби бузилса, БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солинади. Бундан ташқари, вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик БҲМнинг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур соҳадаги барча муносабатларни тартибга солишга, истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилишга, реклама бозори иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Унда мустаҳкамланган меъёрларга, ҳуқуқ ва мажбуриятларга сўзсиз амал қилиниши эса турли эътирозларни бартараф этишга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА