Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Агентлик фаолиятини ташкил этиш асослари ва тартиби;
Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари;
Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби ва мезонлари;
Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби белгилаб берилган.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлигининг ҳудудий мақоми, асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, Агентлик раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
Агентлик телекоммуникациялар соҳасини тартибга соладиган, молиявий, тузилмавий жиҳатдан ва қарор қабул қилишда мустақил ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи бўлиб, ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир.
Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлигини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг Сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш масалалари департаменти томонидан амалга оширилади.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 21 августдаги ПФ-142-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилган ва Вазирлар Маҳкамасига Агентлик фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилиш топширилган эди.
ЎзА