Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
механик, нурланиш, ёнғин хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, портлашдан ҳимояланган ускуналарга қўйиладиган талаблар, шунингдек, мувофиқликни сертификатлаштириш орқали маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш ҳамда мувофиқликни декларациялаш шаклида маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш схемаларини назарда тутувчи Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент;
Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси тасдиқланди.
Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилади.
Ушбу Техник регламент телекоммуникациялар ускуналари хавфсизлигига доир қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талабларни белгилайди.
Регламент муомалага чиқарилган ва фойдаланишга топширилган қуйидаги телекоммуникациялар ускуналарига нисбатан қўлланади:
ишлаб чиқарилган мамлакатидан қатьи назар, илгари фойдаланилмаган, янги;
модернизация қилинганидан сўнг фойдаланишда бўлган;
фойдаланилган;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган.
Ушбу Техник регламент қуйидаги телекоммуникациялар ускуналарига нисбатан татбиқ этилмайди:
давлат мудофааси, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш манфаатларида фойдаланиладиган ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг махсус техник воситаларига;
Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали транзит ўтадиган, божхона назоратида ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган бутун даври давомида фойдаланилмайдиган телекоммуникациялар ускуналарига.
ЎзА