Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
механик, нурланиш, ёнғин хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, портлашдан ҳимояланган ускуналарга қўйиладиган талаблар, шунингдек, мувофиқликни сертификатлаштириш орқали маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш ҳамда мувофиқликни декларациялаш шаклида маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш схемаларини назарда тутувчи Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент;
Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси тасдиқланди.
Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилади.
Телекоммуникациялар ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент амалга киритилгандан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг “Телекоммуникация ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 27 февралдаги 102-сон қарори ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгандан сўнг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
Мазкур Техник регламент телекоммуникациялар ускуналари хавфсизлигига доир қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талабларни белгилайди.
Ушбу регламент:
ишлаб чиқарилган мамлакатидан қатьи назар, илгари фойдаланилмаган, янги;
модернизация қилинганидан сўнг фойдаланишда бўлган;
фойдаланилган;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ускуналарга нисбатан қўлланади.
Регламент қуйидаги телекоммуникациялар ускуналарига нисбатан татбиқ этилмайди:
давлат мудофааси, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш манфаатларида фойдаланиладиган ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг махсус техник воситаларига;
Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали транзит ўтадиган, божхона назоратида ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган бутун даври давомида фойдаланилмайдиган телекоммуникациялар ускуналарига.
Техник регламент зарар етказиш хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда техник тартибга солиш объектларига қўйиладиган зарур талабларни белгилайди, уларнинг бажарилиши қуйидагиларни таъминлайди:
а)механик хавфсизликни;
б) нурланиш хавфсизлигини;
в) ёнғин хавфсизлигини;
г) электр хавфсизлигини;
д) экологик хавфсизликни;
е) портлаш хавфсизлигини.
ЎзА