Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Телекоммуникация соҳасидаги ислоҳотлар самараси сезиляптими?
10:40 / 2021-09-17

Сўнгги йилларда “Ўзбектелеком” АК замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларининг ягона тизимини яратиш, давлатнинг аҳоли билан ўзаро таъсирининг янги механизмларини жорий этиш бўйича қатор комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

 Хусусан, якуний фойдаланувчига телекоммуникация хизматлари учун нархларни пасайтириш, барча тоифадаги абонентлар учун уларнинг қулайлигини ошириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб компания Халқаро пакет коммутация маркази (ХПКМ) орқали оператор ва провайдерларга тақдим этиладиган каналлар нархи ҳар 1 Мбит/с учун 30 минг сўмгача туширилди, бу ўтган йилнинг сентябрига нисбатан 46,4 фоизни ташкил этади. Умуман олганда, 2018 йил бошидан бошлаб хизматлар нархи 8 баробардан зиёдга арзонлаштирилди.  

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбектелеком” АК ахборот хизмати раҳбари Тимур Мамажонов иштирокида ўтказилган брифингда шу ҳақда сўз борди.  

 Брифингда шунингдек, телекоммуникация йўналишидаги ислоҳотлар, хусусан, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида компания томонидан амалга оширилаётган ишлар, соҳалар фаолиятига етиб бораётган телекоммуникация тармоғи ва бу орқали аҳолига яратилаётган қулайликлар борасида сўнгги йилларда эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.  

 Таъкидланганидек, бугун жаҳон саҳнида Янги Ўзбекистон мақоми билан ном қозонаётган мамлакатимиз чиндан ҳам янги ислоҳотлар ва янгича ташаббуслар майдонига айланди. Айниқса, сўнгги 5 йилда амалга оширилган кенг миқёсдаги ўзгаришлар, мамлакат тараққиётини кафолатловчи мақсадли лойиҳалар ва улар натижасида эришилган муваффақиятлар туфайли Янги Ўзбекистон дунё эътиборини тортди, десак муболаға бўлмайди.  

 Аҳамиятлиси, техника тараққиёти янги босқичга кўтарилган ҳозирги даврда жамият ҳаётига қўшимча қулайликлар тақдим этувчи янгича имкониятлар татбиқ этилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистонда ўтган қисқа давр мобайнида рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг кучли механизми йўлга қўйилди. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган эътибор янада ортди.  

 Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида эса соҳани такомиллаштиришнинг муҳим чора-тадбирлари белгилаб берилди. Шунга мувофиқ, тизимдаги етакчи миллий оператор UZTELECOM томонидан мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда тизим йўналишида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

 Жумладан, компания томонидан аҳоли, давлат идоралари ва соҳа ташкилотларига тақдим этиб келинаётган кенг қамровли телекоммуникация хизматлари сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилмоқда. Бунинг учун тизимда мавжуд инфратузилмалар модернизациялаштирилиб, мамлакатимиз бўйлаб юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш имконини берувчи оптик толали алоқа линиялари ўтказилмоқда.  

 Белгиланган йиллик режага мувофиқ, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2021 йил якунига қадар республика бўйича 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиши назарда тутилган. Қолаверса, қўшимча кенг полосали портлар ўрнатилиши натижасида 2,9 миллион уй хўжаликлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг полосали Интернетга уланишига имконият яратилди.  

 Умуман олганда, тармоққа уланишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, республика миқёсида соғлиқни сақлаш, халқ таълими, олий таълим тизимига умумий ҳисобда 22 минг 556 километр юқори сифатли оптик толали алоқа линиялари ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, компания томонидан бир қатор ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, тизимдаги барча сотув ва хизмат кўрсатиш офисларини модернизациялаш ишлари йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа доирасида янгиланган ва Eco Hi-tech услубида ишлаб чиқилган замонавий офисларда UZTELECOMнинг барча хизматлари, яъни уй Интернетидан тортиб, мобиль алоқагача бир жойда тез ва қулай тарзда улаш имконияти мавжуд. Ҳозирги кунда ҳудудлар ва Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 193 та шу каби офис ҳамда 2 393 та дилерлик сотув нуқтаси фаолият юритмоқда, уларнинг сонини яна кўпайтириш кўзда тутилган.  

 Соҳа тармоғидаги яна бир янгилик, 2021 йилда Жиззах эркин иқтисодий зонасида “Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида “Global Optical Communication Uzbekistan” МЧЖ (“GOC-UZ”) қўшма корхонаси маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 50 минг километрга етказилди.  

 Компания замонавий миллий оператор сифатида ўз тармоқларини ривожлантириш мақсадида GSM стандартидаги база станциялари сонини ҳам кўпайтириб бормоқда. Жумладан, ушбу йўналишда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида яна қўшимча 150 дан зиёд янги база станцияларини ишга туширди.  

 Фаолиятлар таҳлилидан айтиш мумкинки, компаниянинг мобиль алоқа хизмати абонентлари сони ҳам жадал суръатда ўсиб бормоқда. Бу борадаги кўрсаткич 2016 йилда 674 минг абонентни ташкил этган бўлса, ўтган давр мобайнида ушбу йўналишдаги рақамлар 2021 йилда 7 миллиондан ошди.  

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2021–2022 йиллар мобайнида мобиль алоқа инфратузилмасини такомиллаштириш, кенг полосали интернетга уланиш хизматлари тармоқларини, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини ҳамда магистрал тармоқни ривожлантириш, шунингдек, халқаро пакетли коммутация марказини кенгайтириш каби бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Мамлакатимизда босқичма-босқич барча тармоқлар амалиётига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг татбиқ этилаётганлиги Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт фаол ривожланиб бораётганлигидан далолатдир.  

 Моҳигул Қосимова, ЎзА