Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Телекоммуникация, ахборотлаштириш соҳалари ва уяли алоқа операторларига қандай имтиёзлар берилади?
12:15 / 2023-06-02

Телекоммуникация соҳасидаги хизматлар учун БҲМнинг 340 баравари миқдорида давлат божи тўлаб келинган. Эндиликда ушбу соҳада давлат божи миқдори икки бараварга камайтирилиши кутилмоқда.

Ахборотлаштириш соҳасида ҳам имтиёзлар жорий этилмоқда. Улар йиллик давлат божини ҳар чоракда бўлиб тўлаши жорий этилмоқда.  

Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга ҳам давлат божини тўлашда имтиёзлар берилади.

Бу “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонунда акс этмоқда.  

Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилган мазкур қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиши натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтирилмоқда.  

Ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 минг  баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, агар уяли алоқа виртуал оператори томонидан навбатдаги йиллик давлат божини тўлаш давридан олдинги молия йилида кўрсатилган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 миллион бараваридан ошган тақдирда, ушбу уяли алоқа виртуал оператори даромадининг бир фоизи миқдорида қўшимча давлат божи тўланиши белгиланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобил алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган битта виртуал мобил алоқа оператори мавжуд.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши натижасида уяли алоқа виртуал операторлари фаолиятини кенгайтиришга ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун адолатли рақобат муҳити яратишга эришилади.

Таҳлилларга кўра, ҳудудлардаги хусусий телеканал ва радиоканаллар ўз телерадио дастурларини эфирга узатиш ҳамда моддий-техник базаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашда айрим молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.  

Шу боис, қонун билан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдорлари 50 фоизга камайтирилмоқда. Бунда теле- ва радиоканалларнинг молиявий имкониятларини яхшилашга эришилади.  

Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга, хусусий телерадиоканаллар ташкил этилишига ва теледастурларни сифатли контентлар билан тўлдиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Қизғин муҳокамадан сўнг қонун маъқулланди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА