French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Телеграмм” канали орқали фуқароларнинг пулини ўмарган шахс қўлга олинди
12:14 / 2023-05-10

“Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали фуқароларни чув туширган шахс икки йилдан сўнг фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 13 февраль куни Вобкент тумани Ҳажувон маҳалласида яшовчи, фуқаро А.И. ўзининг телефон рақамига келган эълон орқали “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “Зиёдашоп” онлайн савдо каналига аъзо бўлади. Натижада ўзини ушбу канал админи сифатида таништирган номаълум шахснинг алдовига учиб, савдо канали томонидан унга 500.000 сўм миқдоридаги пул ютуғини пластик картаси ҳисоб рақамига ўтказиб бериш тўғрисидаги ваъдага ишонади. Унга ўзининг ҳамда қудасининг пластик карта рақамлари ва кодларини беради.  

Ушбу фуқароларнинг соддалигидан фойдаланиб пластик карталарнинг рақами ва кодини олишга эришган номаълум шахс ўша вақтнинг ўзида жабрланувчи фуқаро А.И. нинг пластик картасидан 644.000 сўм, қудасининг пластик картасидан эса 544.000 сўм пулларни ечиб олади. Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро А.А. содир қилганлиги фош этилди.  

Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА