Исроил – ХАМАС
Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ Президенти Жо Байденни Ғазо секторидаги аҳолини ўз ҳудудидан тўла кўчиришдан чекиниш, анклав атрофида инқирознинг икки томонидан тинч аҳоли ўлдирилиши қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини англаш ҳамда гаровга олинган фуқароларни озод қилиш бўйича чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, телефон мулоқоти чоғида Аббос Ғазога гуманитар ёрдам йўлагини очиш зарурлигини таъкидлаган.
Байден Фаластин, айниқса, Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам етказиб бериш масаласида АҚШ қўллаб-қувватлашини гапирди, деб хабар берди Оқ уй матбуот хизмати.
Президент Луис Инасиу Лула да Сильва Маҳмуд Аббосга Бразилия Фаластин давлатини тан олганини хотирлатиб, минтақада аҳолиси билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканини маълум қилган. Шунингдек, у бразилиялик фуқароларнинг Ғазодан чиқиб кетишида кўмак сўраган.
Исроил ҳарбий жиноят ва геноцидни тўхтатмаса, чуқур оқибатлар келиб чиқади, дейилади Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси тарқатган баёнотда.
“Воқеалар бундай ривожланиши учун масъулият БМТ, Хавфсизлик кенгаши ва ХКни боши берк кўчага йўналтираётган мамлакатлар масъулдир”, дея қўшимча қилинади ҳужжатда.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Дохага амалий ташрифи давомида ХАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания билан кўришган. Бу ҳақда “IRNA” хабар берди. Тафсилотлар келтирилмаган.
Фаластин давлатининг пойтахти Қуддус бўлган 1967 йилдаги чегарасини тиклаш бўйича тўлиқ қарор чиқмагунча, Исроил – Фаластин масаласи ҳал бўлмайди, деди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ХАМАС етакчиси Исмоил Хания билан телефон мулоқотида.
Президент маъмурияти баёнотида Туркия Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттириши таъкидланган.
“Қизил Хоч” жамияти вакиллари ХАМАС ва Исроил билан гаровга олинганларни зарур дори-дармон билан таъминлаш масаласида алоқада бўлиб турганини маълум қилган. “Al Arabiya” телеканали хабарида Ғазодаги ўн минглаб аҳоли тезкор тиббий ёрдамга муҳтожлиги айтилади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан телефон мулоқотида Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш муҳимлиги, Исроил – Фаластин инқирозига учинчи давлатлар аралашиб қолмаслиги масалаларини муҳокама қилган. Блинкен “Исроилда мудофаа ҳуқуқи борлигини қайд этиб, ХАМАСни оташкесинни тўхтатишга чақирган.
ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Исролнинг Ғазо секторидан аҳолини эвакуация қилиш тўғрисидаги талабини бекор қилишга чақирган.
- Ғазодаги барча гаровда ушлаб турилганлар озод этилиши, улардан “жонли қалқон” сифатида фойдаланишдан воз кечилиши керак, деган у.
“Reuters” агентлиги Исроил армиясидан ўз фотомухбирининг Ливан ҳудудидаги ўлими тафсилотини текширишда қатъият кўрсатишини талаб қилган.
Исроилнинг дам олиш кунлари бошланиши керак бўлган Ғазога қуруқликдаги амалиёти булутли ҳаво туфайли бир неча кунга қолдирилди, дейилади “The New York Times” хабарида.
Биньямин Нетаньяху ва Жо Байден 7 октябрда бошланган инқироздан кейин кеча бешинчи марта телефон орқали суҳбатлашган.
Аброр ХОН, ЎзА