Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармасида текстил ва тўқимачилик корхоналар вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари қатнашди.
Дастлаб Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, текстил ва тўқимачилик корхоналарининг бугунги кундаги ҳолати, юзага келаётган муаммоларга тўхталиб ўтилди. Мазкур йўналишда амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.
Шундан сўнг учрашувда иштирок этган 30 дан ортиқ тадбиркорларнинг 10 дан ортиқ муаммо ва таклифлари эшитилди.

Мурожаатлар асосан кредит ва факторинг ажратиш, валюта муносабатлари, солиқ, электр-энергия таъминотини яхшилаш каби йўналишларида келиб тушди.
Билдирилган ҳар бир таклиф ва мурожаат юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгиланиб, ижросини таъминлаш бўйича келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири