Андижон вилоятидаги йирик текстиль корхоналаридан бири электр энергияси учун тўланмаган қарзини тўлиқ қоплади.
Маълумотларга кўра, корхона томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти олдидаги 1,8 миллиард сўмлик қарз ҳамда 39 миллион сўм миқдоридаги давлат божи тўлиқ ундирилган.
Мазкур чоралар Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 19 августдаги ижро ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими ходимлари томонидан амалга оширилди.
Ҳозирги кунда вилоятда айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса таъминотчи корхоналарнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ва айрим ҳолларда суд орқали мажбурий ундириш чораларини қўллашга сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, истеъмолчиларнинг ҳисоб-китоб интизомига қатъий риоя этиши электр таъминоти тизими барқарорлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА