Текширув ишлари баҳорнинг илк кунидан бошланади
Шу каби саволларга Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ташкил этилган семинарда мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тартиблари ва жавобгарликни белгиловчи нормалар қандай? Текширувларни электрон рўйхатга олиш тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартиби-чи?
Шу каби саволларга Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ташкил этилган семинарда мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда юртимизда жойлашган 237 мингдан зиёд объектнинг 84 фоизи тадбиркорлик субъекти саналади. Улар ёнғин келиб чиқиш хавфи бўйича юқорилиги ва аланганинг қисқа фурсатда кенг майдонларга тарқалиб кетиш хусусиятига ҳам эга.
Мамлакатимизда 2019 йилда содир бўлган йирик ёнғинлар туфайли айрим тадбиркорлар жиддий зарар кўрган. Айтайлик, 25 октябрь куни Андижон шаҳрида жойлашган Кичик саноат зонаси ҳудудидаги цехларда ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида “DINAR TEXTILE” МЧЖга қарашли қуритиш, матога ишлов бериш, маҳсулотларни сақлаш омбори ва бўёқлаш цехлари ҳамда жамият маъмурий биносининг томи, ички қисмлари ёнган. Ачинарлиси, ёнғинни ўчиришга жалб этилган ёнғин-қутқарув хизмати ходими тан жароҳати олиб, ҳалок бўлган. Моддий зарар миқдори тахминан 50 миллиард сўмни ташкил этган.
8 ноябрь куни эса Тошкент шаҳар Сергели кичик саноат зонаси ҳудудидаги “Магна-мебель” МЧЖга қарашли мебель ишлаб чиқариш цехи ва “Усефул-бизнес-груп” синтефон ишлаб чиқариш цехининг томи ва ички қисмлари ёниб зарарланган.
Бинолардан ва янги технологиялардан узоқ вақт фойдаланиш, ундан фойда кўриш учун барча хавфсизлик талабларига риоя қилиниши амалдаги қонун ҳужжатларида, қоидаларда белгиланган. Лекин кўплаб объект раҳбарлари бунга эътибор бермайди. Бу эса катта талафотларга сабаб бўлади. Натижада тадбиркорга, инвесторга, ишчи-хизматчиларга ва давлатга ҳам зарар етказади.
– 2019 йилда содир бўлган 11 минг 705 ёнғиндан тахминан 10 фоизи айнан тадбиркорлик субъектларига тўғри келмоқда. Ёнғинлар давлат объектлари ва яшаш уйларида содир бўлиши сезиларли даражада камайишига эришилган. Давлат тасарруфидаги объектлар асосан таълим, тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа маъмурий биноларга тўғри келиб, назорат ишлари олиб борилиши натижасида ёнғинлар, уларнинг оқибатлари кескин камайиб бормоқда, – деди фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари А.Мўминов.
Таъкидланишича, тадбиркорлик субъектлари давлат ёнғин назорати органлари томонидан 10 кундан ошмаган муддатда белгиланган талабларга риоя қилиниши юзасидан текширувлар ўтказилади.
Бизнес-омбудсман билан келишилган рўйхатга мувофиқ, автомобилларга сиқилган ва суюлтирилган газ қуйиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши устидан бир йилда бир мартадан кўп бўлмаган назорат тадбирлари ўтказилади. Бу профилактик тадбирлар давомида тадбиркорларга ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш эмас, балки уларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш асосий мақсад этиб белгиланган.