Қилмиш қидирмиш
Ички ишлар вазирлиги томонидан Республика бўйича ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири давомида жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли тинчлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, унинг иккинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги тезкор тадбирда икки шахс одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинди.

Аниқланишича, Қибрай туманида яшовчи, 1991 йили туғилган (Э.К.) аёл Туркияда яшовчи танишлари билан тил бириктириб, осон даромад топиш мақсадида Янгийўл туманида яшовчи 26 ва 33 ёшли икки аёлни алдов йўли билан чет элга юборишга уринган. Текин пишлоқ қопқонда бўлади, деганларидек, бу аёллар ҳам осон пул топишни режа қилган бўлса неажаб. Уларни мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Истанбул шаҳрига фоҳишалик учун юбораётган вақтида тезкор ходимлар томонидан далилий ашёлар билан ушланди.
Кейинроқ маълум бўлишича, жабрланувчи икки нафар аёлни Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшовчи бошқа ўзбекистонликлар кутиб олиши керак бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноятга алоқадор бошқа шахсларнинг шахсини аниқлаш ва уларни терговга жалб қилиш чоралари ҳам кўрилган.
А.Мусаев, ЎзА.