Эрон пойтахти Теҳронда таэквондо WT бўйича клублар ўртасида бошланган Осиё чемпионатининг илк куни ҳамюртларимиз учун омадли келди.
Чемпионта дастурига биноан биринчи кунда қизлар ўртасида мусобақалар ўтказилди.
Муросасиз беллашувлар натижасида Ўзбекистон терма жамоасининг барчинойлари учта йўналишда медалларни қўлга киритишди.
Дастлаб, Феруза Содиқова Теҳрон даянида рақибларидан устун келган ҳолда олтин медалга эгалик қилди. Терма жамоамизнинг иқтидорли спортчилари Чарос Қаюмова ҳамда Светлана Осипова ўз вазнларида бронза медалига сазовор бўлишди.
Ўзбекистон қизлар терма жамоасининг 1 та олтин ва 2 та бронза медалига мушарраф бўлиши уларни умумжамоа ҳисобида 4-ўриндан жой олишини таъминлади.
Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизматининг хабар беришича, 5 март куни эркаклар ўртасида баҳслар бўлиб ўтади. Мусобақада Токио Олимпиадаси олтин медаль соҳиби Улуғбек Рашитов беллашувларга киришади.
Т.Рўзиев,
ЎзА