Ёзёвон туманидаги “Тегирмонбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги шодиёналар янада шукуҳли кечди.
Маҳаллада “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида қисқа вақт ичида кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Қарийб 130 йиллик тарихга эга бўлган Тегирмонбоши маҳалласига бугун барча ҳавас билан қарамоқда.10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланиб, аҳолининг яшаш шароитлари ўзгарди. Маҳалладаги 335 та хонадоннинг ҳар бирига ислоҳотларнинг нафаси кириб борди, десак янглишмаймиз. Ўтказилган хатлов натижаси бўйича “Обод хонадон” мезони талабларига мослаштириш учун 680 та турли муаммо аниқланди ҳамда ҳал этилди. 10 та кўчадаги хонадонларнинг ташқи фасадлари, эҳтиёжманд 185 та оиланинг қўшимча бинолари, 7 та оғир турмуш шароитида яшовчи оиланинг яшаш хонадонлари қайта таъмирланди.

Маҳалла фуқаролари йиғини биносида қўшимча 3 та хизмат хонаси қурилди. 3-сонли мактабгача таълим муассасаси таъмирдан чиқарилди. Маҳалла ҳудудига туташ бўлган 17 та кўп қаватли уй, 2 та ижтимоий соҳа объектини оқова сув тармоғига улаш учун 1,9 километрга янги тармоқ қуриш бўйича 800 миллион сўмлик қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг ташқи фасади янгиланмоқда. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш учун қиймати 165 миллион сўм бўлган workout майдончаси ташкил этилди.Маҳалла ҳудудидаги Амур Темур ва Истеъдод кўчаларида 400 метр пиёдалар йўлаклари қурилди, қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари, ариқларга бетон лотоклар ўрнатилди. 2 минг 700 метр ичимлик суви тармоғи тортилди, 1 та оқова сув қудуғи қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Электр-энергияси таъминоти яхшиланди, 4,5 километр ички йўлларга асфальт ётқизилди.

– Маҳаллага келин бўлиб келганимга 36 йил бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Дилбархон Шерматова. – Ичимлик сувини ташиб ичганмиз. Оқова сув тармоғи йўқ эди. Қишда лой, ёзда чанг ўнқир-чўнқир кўчаларда юришнинг ўзи бўлмасди. Мавжуд муаммоларни батараф этишни сўраб, кўп жойларга мурожаат қилганмиз. Обод маҳалла, кўчалар, хонадонларни телевизорларда кўриб, ҳавас қилардик. Мана орзуларимиз ушалди. Сув, йўл, табиий газ, электр таъминотини яхшилаш, янги иш ўрини яратиш, канализация тармоқлари қуриш борасида олиб борилаётган ишларни кўриб, кўзларимизга ишонмаяпмиз. Энди маҳалламиз шаҳар билан бўйлашяпти. Ҳамма шароитлар мужассам масканда тинч-тотув яшашнинг завқи бошқача бўларкан. Ҳаммаси учун давлатимизга, Президентимизга раҳмат.

Аҳолини иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида 10 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш бўйича рўйхатдан ўтказилди, 3 нафар фуқарога 368 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Маҳалла биносига туташ бинода тикувчилик цехи ташкил этилди 40 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. “Ёшлар дафтари”да турган 4 нафар ёшга қизиқиши бўйича ўз фаолиятини амалга ошириш мақсадида субсидия ажратилмоқда. Маҳалладаги 11 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди ва 5 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.



Шундай обод гўшага байрамлар, шодиёналар ярашади. Эрта тонгдан кўчалар аҳоли билан гавжум бўлди. Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов барчани байрам билан қутлади. Эл суйган санъаткорларнинг дастури барчага завқу шавқ улашди.
Маъсуджон Сулаймонов,
Фарғона вилояти. ЎзА