Тедрос Адханом Гебрейесус ЖССТ раҳбарлигига қайта сайланди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси иштирокчилари Женевада бўлиб ўтган 75- махсус сессиясида ЖССТнинг амалдаги раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесусни иккинчи муддатга ташкилот раҳбари этиб сайлашди.
Махсус сессияда таъкидланганидек, сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг ёпиқ ўтган мажлисида бош директорни тайинлаш масаласи бўйича резолюция қабул қилинган.
Ташкилотнинг аниқлик киритишича, Гебрейесуснинг янги ваколат муддати расман 2022 йил 16 августдан бошланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг тартибига кўра, бош директорликка фақат бир марта қайта сайланиши мумкин.
Тедрос Адханом Гебрейесус биринчи марта ушбу лавозимга 2017 йил май ойида сайланган эди. У ташкилотга раҳбарлик қилган Африка қитъасидан илк вакил ҳисобланади.
ЖССТ раҳбари Эритреяда туғилган ва Лондон университетида инфекцион касалликлар бўйича магистрлик илмий даражасига эришган.