“INNO” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида “Инвесторлар куни” ташкил этилди. Тадбирда иштирокчилар томонидан лойиҳалар инвесторларга тақдим этилди.
Таъкидланишича, ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш учун ташкил этилган “INNO” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки марафон иштирокчилари учун технологик майдонга айланди. Улар технопаркда ўз лойиҳаларини ривожлантириш, уни тақдимотга тайёрлаш имконига эга бўлди.

“InnoWeek.Uz-2021” доирасида ўтказилаётган “Technoways” технологик марафонининг республика босқичига 15 ноябрь куни старт берилди. Жами 300 нафарга яқин ёшлар марафонда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиб, улардан энг яхши 16 лойиҳа танлаб олинди ва 9 нафар инвесторга тақдимот қилинди.
“Technoways” ишга туширилган биринчи кундан бошлаб жамоалар билан менторлар командаси иш олиб борди, улар истиқболли ғояларни амалга оширишда амалий маслаҳатлар билан ёрдам берди. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар ва технологиялар трансфери миллий офиси ходимлари маҳорат дарслари билан марафонда мураббий сифатида иштирок этди.

“Инвесторлар куни”да стартаплар учун тақдим этилган ғоялар энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳарбий саноат, IТ, шунингдек, виртуал реалликни симуляция қилиш ва космик технологияларни ривожлантириш соҳаларини қамраб олди. Инвесторлар иқтидорли ёшларнинг ғояларини атрофлича ўрганиш, уларга ойдинлик киритувчи саволларни бериш имконига эга бўлди. Келажакда улар стартапларни ишга туширишни молиявий қўллаб-қувватлашлари мумкин.

“Technoways” марафони 24 ноябргача давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА