Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Teatro alla Scala саҳнасида ўзбекистонлик санъаткор дебют қилди
13:26 / 2025-12-10

Яқинда Миланда жойлашган Teatro alla Scala саҳнасида янги опера — «Анна А.» намойиши бўлиб ўтди. Бу опера — Силвиа Cоласанти томонидан ёзилган бўлиб, либреттоси рус адабиёти вакили Паоло Нори томонидан тайёрланган.

Операда Анна Ахматованинг ҳаёти, хотиралари ва ижодий фаолияти орқали рус адиблари ва шоирлари, дўстлари, замондошлари саҳнага гавдаланди.

«Анна А.» — операси ҳаёт, трагедия ва ижодий хотираларни акс эттиради. Эътиборли жиҳати – операда ўзбекистонлик ёш ижрочи, «Ниҳол» давлат мукофоти соҳиби Ақилбек Пиязов томонидан ҳам рол ижро этилди. У спектаклда бир вақтнинг ўзида икки шахс — шоир Николай Гумилёв ва ёзувчи Михаил Булгаков образларини жонлантирди.

Иккала мураккаб образни бир саҳнада юксак маҳорат билан намоён этган А.Пиязов нафақат кучли вокал овозга, балки чуқур драматик ижодий салоҳиятга ҳам эга эканини яққол кўрсатди. У намойиш этган Гумилёв руҳиятига хос жасорат ва фожиавий тақдирнинг таъсирли ифодаси ҳамда Булгаков образининг ёрқин, эркин, ҳазиломуз табиати томошабинларни лол қолдирди.

Teatro alla Scala залидаги олқишлар Ақилбек Пиязов ижросига бўлган самимий эътирофдан далолат берди. У ўз овози, юқори маҳорати ва мураккаб психологик ҳолатларни акс эттириш қобилияти билан мана шундай баҳога сазовор бўлди.

Бу чиқиш санъаткорнинг нафақат карьерасидаги катта ютуқ, балки тарихий қадамдир. Боиси Ақилбек Пиязов дунёдаги энг машҳур театрлардан бири бўлган Teatro alla Scala саҳнасида дебют қилган биринчи ўзбекистонлик санъаткор бўлди. Бу воқеа Ўзбекистон санъати учун янги саҳифа очди ва мамлакатимиз опера санъатининг халқаро майдонда янада юқори баҳоланишига ҳисса қўшади.

Ақилбек бу имкониятдан бағоят мамнун эканини, юксак саҳнада Ўзбекистон номидан иштирок этганидан ғурур ҳиссини туйишини, томошабинлар ҳамда ижодий жамоанинг ишончи унга катта қанот бағишлаганини таъкидлади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА