Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Театрнинг янги мавсуми “Ёшлик соғинчи” билан бошланди
11:06 / 2023-09-12

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг 85-мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Отахон театр” деб аташга арзигулик ушбу театр тарихи XX аср аввалига бориб тақалади. Ўша пайтда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ижодий труппа режиссёри М.Муҳамедов томонидан саҳналаштирилган “Майсаранинг иши” асари театрнинг илк спектаклларидан саналади.  

Маълумотларга кўра, кейинчалик мазкур труппа ўзбек мусиқали драма ва комедия театрига айлантирилган. Ўтган асрнинг 40-йилларда Андижон вилоят мусиқали драма театрининг бадиий раҳбари Тўхтасин Жалилов бошчилигидаги ўнлаб таниқли актёрлар пойтахтга олиб келинган ва Тўхтасин Жалилов театрнинг бадиий раҳбари сифатида иш бошлаган. 1941 йил баҳорида театрга Лутфихон Саримсоқова ва Зуҳур Қобулов келиб қўшилган.  

Театр дастлабки йиллари Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ва пойтахтдаги “Ташсовет” биносида иш бошлаган. Кейинчалик шаҳарнинг Бешёғоч мавзесида театр биноси қуриш ишлари лойиҳалаштирилган. 1943 йил театрнинг янги биноси битгач, театр Бешёғоч даҳасига кўчирилган.  

Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқ ичида “Муқимий театри” деб ном олган ушбу  жамоа фашизмга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшди. Уруш мавзуида “Қурбон Умаров” (С.Абдулла, Чустий асари), “Қасос” (Туйғун ва А.Умарий асари) номли спектакллар яратилди.  

Театр жамоаси урушдан кейинги даврда қардош халқлар, чет эл ёзувчилари ижодига мурожаат қилади. Шу тариқа хитой тилидан таржима қилинган “Сочи оқарган қиз” мусиқали драмаси томошабинларга манзур бўлди.  

Мазкур театр томошабинлари афсонавий, тарихий мусиқали асарларнинг мухлиси эди. Ўтган асрнинг 50-йилларида саҳнага қўйилган “Фарҳод ва Ширин” (Ю.Ражабий ва Г.Мушель мусиқаси), “Равшан ва Зулхумор” (Т.Жалилов ва Г.Мушель мусиқаси), А.Бобожоновнинг “Азиз ва Санам” (К.Отаниёзов ва Л.Степанов мусиқаси), З.Фатхуллин ва Ш.Саъдулланинг “Ватан ишқи” (С.Бобоев мусиқаси) каби спектаклларнинг шуҳрати бунинг исботидир.    

1953 йилнинг охирида премьераси бўлиб ўтган Собир Абдулла асари, Тўхтасин Жалилов, Г.Мушел мусиқаси асосида “Муқимий” спектакли театр тарихида алоҳида ўрин тутади.    

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри юртимизда мусиқали драма тараққиётига хизмат қилувчи асосий театрлардан ҳисобланади. Унинг бағрида кейинчалик республикамизнинг барча вилоят мусиқали драма театрлари репертуарига қўшилган, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон саҳналарида ҳам қўйилган энг сара комедиялар, мусиқали трагедиялар туғилган. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Нурхон”, “Олтин кўл”, “Ватан ишқи”, “Тошболта ошиқ”, “Момо ер”, “Ўжарлар”, “Жоним фидо”, “Зўлдир”, “Гул ва наврўз” ва бошқалар мусиқали драма санъатининг ёрқин  намуналаридир.  

Театрнинг тамал тошини қўйган Ўзбекистон халқ артистлари Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Маҳмуджон Ғофуров, Лутфихоним Саримсоқова, Эътибор Жалилова, Шаҳодат Раҳимова, Омина Фаёзова, Турсунхон Жаъфарова, Сойиб Хўжаев, Ҳамза Умаров, Файзулла Аҳмедов, Зайнаб Самиева, Фароғат Раҳматова, Фарзиддин Фаёзов, Суръат Пўлатов, Файзулла Аҳмедов, Ҳусан Шарипов ва бошқаларнинг ёди санъат мухлислари учун доим  барҳаёт. Бугун ҳам ушбу жамоа томошабинларни мукаммал мусиқий драма асарлари билан мамнун этиб келмоқда.    

Мазкур ижодий жамоанинг янги мавсуми “Ёшлик соғинчи” номли театрлаштирилган мусиқий дастур билан очилди. Дастурнинг муаллиф ва режиссёри – Илҳом Отамирзаев. Мусиқий театр санъатининг энг яхши анъаналарини ўзида мужассам этган ушбу дастур томошабинларга манзур бўлди.    

 

Н.Усмонова,

ЎзА