Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Театрнинг аҳволи бугунги талабга жавоб берадими?
10:34 / 2021-05-19

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (Оперетта) театридаги муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда.

Мазкур театр биноси 1972 йилда барпо этилган бўлиб, бинонинг бугунги ҳолати тўлиқ реконструкцияга муҳтож. Бундан ташқари, театр биносининг катта кўчадан ичкарида жойлашганлиги ва кўримсиз ҳолга келиб қолганлиги томошабинлар ва театр ходимлари учун ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.  

Вазир театр биносининг ташқи ва ички қисмларини кўздан кечирар экан, шу ҳолатда ҳам самарали ижод қилаётган театр жамоасининг хизматларини эътироф этди.  

Моддий-техник базаси, томошабинлар зали ва саҳнаси, овоз ва ёритиш ускуналари ҳолатини ўрганиш жараёнида жорий йилнинг ўзида реконструкция ишларини бошлаш лозимлигини таъкидлади, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

О.Назарбеков фикрича, таъмирга муҳтож ушбу театрда профессионал ижодий муҳит бор.

Республикамизда фаолият олиб бораётган театрлар орасида самарали ижод қилаётган, бошқаларга ўрнак бўладиган даражадаги аҳил жамоага эга бўлган театр бу — Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (Оперетта) театри ҳисобланади. Театр жамоаси томонидан айниқса, болажонлар учун саҳналаштирилаётган эртак-спектакллар аллақачон томошабин қалбидан жой олган, уларнинг ўз мухлиси, услуби бор.  

Бироқ театр жойлашган бинонинг бугунги ҳолати ачинарли. Мазкур театрга ташрифдан мақсад ҳам бу ердаги камчилик ва муаммоларни ипидан игнасигача ўрганиш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш, театр жамоасининг ижодий фаолияти учун етарли шароит яратишдан иборат.  

2022 йилда мазкур театрнинг 50 йиллик юбилейини кенг тарзда нишонлашни режалаштирилган экан, жорий йилдаёқ таъмирлашни бошлаш зарур. Қолаверса, моддий-техник базаси ҳам янгиланишга муҳтож, айниқса томошабинлар зали ва саҳнаси, овоз ва ёритиш ускуналари замон талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бироқ шундай ҳолатда ҳам театр жамоаси ранг-баранг спектакллар намойиши орқали томошабин кўнглидан жой олмоқда. Спектакллар мавзуси, профессионаллик даражаси, сифати, ўзига хослиги ва ёндашуви орқали алоҳида аҳамият касб этади.  

Бироқ масала бошқа томонда. Реклама ва маркетинг хизмати суст ва аҳолининг хабардорлик даражаси паст. Ҳар гал театрда спектакллар саҳналаштирамиз, аммо унинг томошабини кам сонли мухлислар бўлади. Доим бизни қийнайдиган савол бор, қандай қилсак юртдошларимизни театрга қайтара оламиз? Театрлар рейтингини аниқлаш усуллари қандай? Театр жамоаси билан учрашув чоғида шу ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.