Сирдарё вилоят мусиқали драма театрининг янги 50 - юбилей мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда театр ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва театр жамоаси иштирок этди.
Театр томошабинларига Сирдарё театри тўғрисида видео ролик намойиш этилиб, театр очилгандан буён амалга оширилган ишлар, ижодий жамоа аъзолари эришган ютуқлар, 50 йил муқаддам саҳналаштирилиб ижро этилган ва шу бугунги кунга қадар қимматини йўқотмаган ва театр жамоаси репертуаридан муносиб жой олган Абдулла Қаҳҳорнинг “Муҳаббат" қиссаси асосида яратилган спектакл, Узеир Ҳожибековнинг “Аршин-мололон” спектакли, уни яратилиш тарихи тўғрисида қисқача маълумот берилди.
[gallery-19315]
Шундан сўнг театрнинг ёш ва фахрий ижодкорлари махсус йўлак бўйлаб саҳнага чиқишди. Уларни Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев қутлаб, театр шунчаки оддий томошахона эмас, балки тарбия, маданият, маънавият ва маърифат маскани эканлигини таъкидлаб, бир гуруҳ фахрий ва фидойи ижодкорларга ҳокимликнинг ташаккурномаларини топширди ва театр жамоасига янги мавсумда ижодий зафар тилади.
Тадбирнинг асосий қисмида театр жамоаси "Ярим аср" деб номланган театрлаштирилган байрам композициясини намойиш этишди. Унда "Аршин мололон"," Инсонликка номзод", "Нодирабегим", " Тегманг қитиғим келади", "Инсон ўзинг" спектаклларидан, "Она" драмасидан, "Хотинлар гапидан чиқмаган ҳангома", " Майсаранинг иши" комедиясидан, "Анвар ва Раъно" мусиқали лирик драмасидан парчалар ижро этилди. Бу эса театр ихлосмандлари, жамоатчилик вакилларининг олқишига сазовор бўлди.
Театр жамоаси янги ижодий мавсумда "Майсаранинг иши", "Тўйлар муборак", “Каккули соат" комедияларини, "Широқ" трагедиясини, "Дониёрнинг саргузаштлари", " Ўрмон аҳли", "Антиқа шолғом" эртакларини намойиш этади.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари