Мамлакатимизда эълон қилинган “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, ижодий жамоанинг комедия жанридаги энг сара асарларидан бири “Зўраки табиб” спектаклини томоша қилди.
Мазкур ҳафталик томошабинларни театрга янада яқинлаштириб, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, бой тарихимиз, миллий қадриятларимизни чуқур ўрганиш ва ёш авлодни маънан баркамол улғайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
– Театр маънавият даргоҳи,–- дейди майор Фарҳод Тошбоев.–Лекин бу ерга ҳамиша ҳам вақт топиб келавермаймиз. Ҳафталик муносабати билан ташкил этилган томоша барчада бой таассурот уйғотди. Аслида жамоа ва оила аъзолар билан театрга киришнинг гашти бошқача бўлади. Айниқса, комедия жанридаги ушбу спектаклдан болажонлар жуда мириқди. Бу уларнинг маданият ва санъатга қизиқишини ошириб, эстетик тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театри ҳам ҳафталик кунлари ота-оналар ва болажонлар билан гавжум бўлмоқда. Театр санъаткорлари томошабинларга ўзларининг энг қизиқарли саҳна асарларини тақдим этаётир.
– Ҳафталикнинг бешинчи куни “Ўткир шохли буқача” спектаклини намойиш этдик, – дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимурадова. – Саҳна асари бошланиши олдидан болажонларни санъатга қизиқтириш ва изланишларини рағбатлантириш учун “Ёш рассомлар” кўрик-танловини ҳам ўтказдик. Ғолибларни ҳафталик якунланадиган 27 март куни тақдирлаймиз.
Вилоятда “Театр томошалари ҳафталиги” давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири