Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ва Озарбайжон давлат академик мусиқали театри ўртасида ижодий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув театр жамоалари ўртасида янги ижодий уфқларни очиб, қўшма саҳна лойиҳаларини амалга ошириш, актёр ва режиссёрлар ўртасида тажриба алмашиш, гастроль сафарларини ташкил этиш ҳамда халқаро фестивалларда биргаликда иштирок этишни назарда тутади.
Ҳамкорлик доирасида жаҳон ва миллий драматургиянинг сара асарлари саҳнага олиб чиқилади, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ўтказилади. Энг муҳими, спектаклларда иккита театр актёрлари биргаликда ўйнайди, ўзаро тажриба алмашади. Бу эса ижодкорлар учун катта мактаб вазифасини ўтайди.

Боку шаҳрида бўлиб ўтган тантанали имзолаш маросимида таниқли санъат намояндаларининг иштироки ушбу ҳамкорликнинг театр жамоатчилиги учун нақадар аҳамиятли эканини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида жорий йилнинг сентябрь ойида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан Озарбайжон давлат академик мусиқали театри Нукус шаҳрига ташриф буюради. Меҳмонлар томошабинлар эътиборига Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси билан машҳур “Аршин молалан” спектаклини тақдим этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.