Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Театр ва кинодраматургия кенгашининг бир йиллик фаолияти кўриб чиқилди
13:15 / 2026-02-19

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Театр ва кинодраматургия кенгашининг 2025 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири, уюшманинг Театр ва кинодраматургия кенгаши раҳбари Усмон Азим ва бошқалар мазкур кенгаш фаолияти хусусида батафсил сўз юритди.  

Эътироф этилганидек, ўтган йил давомида Театр ва кинодраматургия кенгашига келиб тушган асарлар мукаммал ўрганилди. Жумладан, Обиджон Рўзибоевнинг “Ҳаёт дарахти”, Каромат Дилмоновнинг “Турон ҳоқони” пьесаси, “Денгиз деви” (Александр Беляевнинг “Одам амфибияси” романи асосида) инсценировкаси, Морис Метерлинкнинг “Мовий қуш” пьесаси (таржимон А.Файзуллаев), Вуди Алланнинг “Қувлаётганлар ва қочаётганлар” (таржимон Ш.Ниёзметова) каби пьесалар таржимаси кўриб чиқилди. Муаллифларга ёзма тавсия ва тақризлар берилди.

2025 йилнинг январь ойида санъатшунослик фанлари номзоди, профессор, драматург Маъмур Умаров Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари томонидан болалар, ўқувчи ва талабаларнинг ёши, қизиқишлари, таълим ва тарбия олиши, ижодий ва интеллектуал ривожланишини инобатга олиб яратилган 10 та пьеса саралаб олинди ва кенгаш томонидан тегишли сайтларга эълон қилинди.  

Ҳукумат қарори билан «Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисида» ҳамда «Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисида»ги низомлар тасдиқланди.  

Мазкур низомларга кўра, мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар 2 йилда бир маротаба танлов ўтказилади. Мукофотлар билан режиссура ва драматургия соҳаларида фаол ижод қилаётган режиссёр ва драматурглар театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади. Ғолибларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткалар берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 февралдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоийнинг асарлари асосида спектакллар яратиш, республика театрларида ҳамда чекка ҳудудларда кўчма театр томошаларини ташкил этиш мақсадида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган асарлар яратилишига эътибор қаратилди. Шунингдек ҳукумат топшириқларида белгиланганидек, қатағон қурбонлари ҳаётига бағишланган 20 га яқин пьеса кенгаш томонидан тавсия этилди.   

Кенгаш аъзоси Мафтуна Муҳаммадаминова лойиҳаси асосида “Янги аср авлоди” нашриётида “Калигула” ва “Каркидон” номли 2 жилдлик абсурд драмалари тўпламлари нашр қилинди ва май ойида тақдимоти ўтказилди. 

[gallery-27739]

Кенгаш йил давомида Ўзбекистон Кинематография агентлигининг “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида ёзилган “Широқ жасорати”, “Темурбеклар мактаби”, “Файзулла Хўжаев. Тегирмон”, “Помир тоғларидай юксак”, “Усмон Носир”, “Қайдасан, Ватан”, “Туркистон баҳодирлари”, “Сеҳрли най”, “Пахта. Ўзбек иши”, “Фарҳод ва Ширин”, “Алишер Навоий” сингари 20 га яқин синопсислар, ҳужжатли ва бадиий фильм сценарийларига тақризлар тақдим этилди. 

Сентябрь ойида Паркент ижод уйида бўлиб ўтган “Нигоҳ” ёш театр ижодкорлари семинарида кенгаш аъзолари ҳайъат аъзоси сифатида қатнашди. Танловда уюшма аъзоси, ёш драматург Гўзалой Матёқубова ва режиссёр Р.Тоғайқуловнинг “Ҳумой” лойиҳаси ғолиб деб топилди.   

Йиғилишда уюшманинг Театр ва кинодраматургия кенгашининг истиқболдаги режалари белгилаб олинди.

Н.Усмонова,

О.Пардаев (сурат), ЎзА