Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам Халқаро театр куни кенг нишонланди. ЮНЕСКО қошидаги Халқаро театр институтининг 1961 йилда бўлиб ўтган IX конгресси қарори билан ҳар йили 27 март куни Халқаро театр куни сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда 21-27 март кунлари ўтказилган “Театр ҳафталиги” доирасида Андижон вилоятида бир қатор тадбирлар ўтказилди, вилоятдаги театр жамоалари томонидан қизиқарли томошалар, спектакллар намойиш этилди. Жумладан, ҳафталик доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли вилоят театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Давлат болалари” номли спектаклни вилоятдаги умумтаълим мактаблари устоз ва педагоглари томоша қилиб, улкан маънавий озуқа олди. Андижон вилояти Ёшлар театри жамоаси эса ўз мухлисларига Ҳ.Ҳ.Ниёзий асари асосида саҳналаштирилган “Майсаранинг иши ёхуд бурунги қозилар”, “Ғаройиб ҳангома” спектакллари, шунингдек, “Дийдор ширин” шоу томошасини намойиш этди.
[gallery-11159]
Мазкур асарлар театр ихлосмандлари, айниқса, театрга оммавий тарзда ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда тиббиёт тизими ходимларида унутилмас таассурот қолдирди. Ҳафталик давомида вилоят қўғирчоқ театри жамоаси томонидан намойиш этилган “Қуён энди қўрқмайди”, “Алифбени излаб”, “Мақтанчоқ жўжа” номли саргузашт спектакллар болажонларга олам-олам қувонч бағишлади. Вилоят Қўғирчоқ театри жамоаси “Театр томошалари ҳафталиги” ни “Мусиқали чойхона” спектакли билан якунлади. Юқори кўтаринкилик билан ўтказилган ҳафталик доирасида бепул намойиш этилган спектакль ва томошалардан андижонликлар, театр ихлосмандлари, болажонлар катта маънавий озуқа олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзA