Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Театр саҳнасида – “Беҳбудий”
11:00 / 2025-05-23

Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган “Беҳбудий” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.

Ёзувчи ва драматург Фармон Тошев қаламига мансуб “Маҳмудхўжа Беҳбудий” драмаси асосида режиссёр Фарҳод Бойназаров томонидан саҳналаштирган спектаклда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Туркистон мухториятини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва жадидлар етакчиси сифатида илм-фан, таълим-тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш борасидаги ишлари ҳамда чор ҳукуматининг унга кўрсатган қаршиликлари очиб берилган.

[gallery-23527]

Спектаклдаги асосий ролларни театрнинг тажрибали актёрлари билан бирга истеъдодли ёшлар ижро этган.

 Саҳна асари намойишидан сўнг ижодкорлар, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва Беҳбудий авлодлари сўзга чиқиб, театр жамоаси ва томошабинларни янги асар билан табриклади. Спектаклни тайёрлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

– Президентимизнинг 2024 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, бу йил юртимизда бобомиз, Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланмоқда, – дейди алломанинг эвараси Шоҳрух Беҳбудий. – Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастури асосида шу йил январь ойида Самарқанд шаҳрида илмий-амалий конференция ўтказилганди. Бобомиз асос солган Самарқанд вилояти театри эса “Беҳбудий” спектаклини саҳналаштириб, юбилейга ўзига хос совға тайёрлади. Драмани яратиш жараёнида асар муаллифи Ф.Тошев ва режиссёр Ф.Бойназаров биз билан бамаслаҳат ишлади, бобомиз ҳақида айрим маълумотларни сўрашди ва шу асосида спектакл янада бойитилди. Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ходимлари ҳам уларга яқиндан ёрдам берди. Бугун спектаклни кўзда ёшда билан томоша қилдик ва асар ижодкорлари, ташкилотчилардан миннатдормиз.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари