Замонлар ўтиб, технологиялар тараққий этар экан, санъатнинг айрим турлари жамият ҳаётидан сиқилиб чиқаётгандек туйилади. Айниқса, театр санъати бугунги кундаги рақамли ахборот оқимлари, кино ва шоу-бизнеснинг соясида қолаётгани ачинарли. Театр – қадимий, бетакрор ва тириклик билан уйғун санъат. У инсон қалби, тафаккури ва жамият тафсилотларини энг таъсирли тарзда акс эттира оладиган воситадир.
Бугун томошабинлар эътибори асосан кўнгилочар контентларга қаратилган бир пайтда, баъзи театрлар ҳатто бепул спектакль саҳналаштирса ҳам залларнинг тўлиши қийин кечаётгани сир эмас. Бу ҳолат эса театрларнинг туб моҳияти ва ижтимоий ролини яна бир бор қайта баҳолашга ундайди.
Театр санъати илдизи қадимги Юнонистон ва Ҳиндистон мамлакатларига бориб тақалади. Илк даврларда у “Маҳобҳорат”, “Рамаяна” каби эпослар асосида саҳналаштирилиб, инсон қалбига эзгулик ва ҳақиқатни сингдиришга хизмат қилган. Кейинчалик театр ғарб ва шарқ цивилизациясида шаклланиб, жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.

Манбаларга кўра, шарқда театр санъатининг илдизлари кўпчилик ўйлагандек фақат ХIХ–ХХ асрларда эмас, балки Темурийлар давригача бориб тақалади. Жадидлар ҳаракати эса театрни янги босқичга олиб чиқди. Мурожаатчилик услуби, образлар орқали танқид ва тарғибот – буларнинг барчаси театр орқали оммага етказилди. Бу йўлда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний каби маърифатпарварлар катта ҳисса қўшган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” асари эса жадид театрининг илк намунаси сифатида тарихга кирди. Мазкур саҳна асарида фақат сюжет эмас, балки бутун бир халқ тақдирининг инъикоси гавдаланади.
Жадидлар назарида театр – халқни уйғотиш, маънавий тикланиш, адолат ва ўзликни англаш сари бошловчи восита эди. Айнан шу сабабли театр саҳнасида жиддий ижтимоий ва ахлоқий масалалар кўтарилган, халқни огоҳлик сари етаклаган.

Бугунги глобаллашув даврида ҳам театр санъати фақатгина саҳнадаги томоша эмас, балки халқ маънавиятининг кўзгуси, тарихий хотиранинг тирик ифодаси, ёшлар тарбиясининг муҳим воситасига айланиши керак. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ПҚ-399-сонли қарор айнан шу устуворликларни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қарорга мувофиқ, ҳар йили миллий ва жаҳон драматургияси намуналарини саҳналаштириш учун давлат буюртмалари асосида 10 та замонавий спектакль тайёрланади. Айниқса, миллий тарих, маънавият ва истиқлол ғояларини ўзида мужассам этган саҳна асарлари театрлар репертуарларида асосий ўринни эгаллайди. Шунингдек, нодавлат театр жамоаларини рағбатлантириш мақсадида уларга ҳам давлат буюртмалари асосида молиявий кўмак кўрсатилади.
2025–2028 йилларга мўлжалланган дастур асосида театр бинолари капитал таъмирдан чиқарилади. Уларнинг саҳна технологиялари замонавий акустика, ёритиш, овоз кучайтириш, ва рақамли қурилмалар билан тўлиқ жиҳозланади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган томошабинлар, ёш болалар ва кекса кишилар учун ҳам қулайликлар яратилиб, театрларнинг оммабоп муҳитда фаолият юритиши таъминланади.
Театр санъатининг тараққиёти, аввало, ижодий салоҳиятни рағбатлантииш билан чамбарчас боғлиқ. Шу мақсадда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги драматурглар мукофоти жорий этилади. Ёш режиссёрлар орасида “Баҳодир Йўлдошев” номли танлов ташкил этилади. Ҳар йили ижодий “Нигоҳ” лойиҳаси доирасида режиссёр, драматург, рассом ва композиторлар ҳамкорлигида янги спектакллар саҳналаштирилади. Иқтидорли театр ходимлари хорижий тажриба алмашинувида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.

Замонавий чипталар тизими жорий қилиниб, томошабинларга қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Таълим муассаларида театр студиялари ташкил этилиши, театр фестиваллари ва танловлар ёш авлодни саҳна санъатига яқинлаштиради.
Шунингдек, 27 март – Халқаро театр куни муносабати билан ҳар йили кенг кўламли маданий тадбирлар ўтказилиши назарда тутилган. Қарорда ушбу соҳадаги фидойи ижодкорларни юксак давлат мукофотларига тавсия этиш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилган.
Театр – бу руҳ тарбиячиси, сўз ва саҳна орқали жамиятга таъсир кўрсатувчи қудратли восита. Мазкур қарор нафақат театрларнинг моддий-техник имкониятларини ошириш, балки саҳна санъати орқали миллий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларни баркамол этиб тарбиялаш йўлида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Томошабин ишончини қозониш, уларни театрга қайтариш учун аввало саҳна асарларига мавзу ва бадиий жиҳатдан замонавийлик билан ёндашиш зарур. Ҳар бир спектакль – бу жамоавий бадиий ижод маҳсули сифатида жамият маънавий қиёфасига таъсир кўрсатувчи, инсон қалбига етиб борадиган, ҳаётий, самимий ва ижобий маънода ўзгартирувчи кучга эга бўлиши лозим.
Ўзбек халқи кўнглида чуқур илдиз отган бу санъат турининг бугун ва эртаси унга бўлган эътиборимиз, ёндашувимиз ва ишончимиз билан чамбарчас боғлиқ.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА